Туман халқ таълими бўлими томонидан туманимизнинг энг чекка ҳудудида жойлашган Урганжи қишлоғидаги 28-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиларининг маънавий дунёқараши ва илмий саводхонлиги, касбий салоҳияти ва маҳорати, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакасини ошириш мақсадида “Бошланғич синфларда ёзма саводхонликни ошириш” мавзусида кўргазмали семинар ташкил этилди.
Унда туман халқ таълими бўлими мудири Ш.Қўшбоқов, тумандаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф услубий бирлашма раҳбарлари иштирок этишди.
Даставвал бошланғич синф ўқитувчилари гуруҳларга бўлиниб, ушбу мактабнинг ўқитувчилари Қ.Унабоев, О.Ҳусанов, З.Адилов, А.Ўроқова, С.Эшматова, Ҳ.Жумаева ҳамда Д.Ёдгороваларнинг дарс ўтиш жараёнини кузатишди.
Шундан сўнг ўқитувчиларнинг ўтилган дарслар таҳлили бўйича ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилинди. 85-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчилари Н.Бекқулова ҳамда С.Тошбоеваларнинг мавзу юзасидан маърузалари тингланди.
-Таълим-тарбия жараёнида ўқитувчи таълим мақсадларига эришиш учун ўқувчиларга ўз фикрини аниқ, тушунарли тарзда етказиб бериши муҳимдир, - деди 28-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси, халқ таълими аълочиси С.Эшматова. – Бунда педагог нутқининг самараси таъминланиши учун нотиқлик санъатини ҳам ўрганиш муҳимдир. Бу ҳудудда болалар боғчаси бўлмагани учун нафақат оғзаки, балки ёзма саводхонликни оширишда ҳам биринчи синфда ўқитувчиларга анча қийинчиликлар туғдиради.
Шунингдек, семинар иштирокчилари ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш ташаббус бўйича мактабда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Спорт залида ўқувчилар спортнинг кураш, стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича куч синашишди. Шунингдек, мактаб ўқувчилари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ҳамда рақслар тадбир иштирокчиларига хушнудлик бахшида этди.
- Бошланғич синф ўқитувчиси, аввало тарбия ва таълим берувчи, болани катта ҳаётга етаклайдиган шахсдир, - дейди туман халқ таълими бўлими услубчиси Д.Тошбоев. –Тадбирнинг ушбу мактабда ташкил этилиши энг чекка ҳудуддаги мактабларда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг тажрибаларини ўрганиш, керакли тавсиялар беришдан ҳам иборатдир.
Д.ҲАСАНОВА.