Ўқитувчи баркамол авлод таълим-тарбияси учун жавобгар шахс бўлиб, нафақат маънавий-ахлоқий маданияти билан атрофдагиларга ўрнак бўлиши, шу билан бирга, педагогик маҳоратини ҳам намоён эта олиши, етук ўқитувчи сифатида ёш авлодни таълим-тарбия беришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши зарур.
Педагогик маҳоратга эга бўлиш, ўқитувчи учун таълим-тарбия самарадорлигини таъминловчи замин бўлибгина қолмасдан, айни вақтда, унинг жамиятдаги обрў-эътиборини ҳам оширади, ўқувчиларга унга нисбатан ҳурмат юзага келади.
Касбий маҳоратни ошириш йўлида амалий ҳаракатларни ташкил этиш педагогик фаолиятда йўл қўйилган ёки қўйилаётган хатолардан холи бўлиш, ўқувчилар, ҳамкасблар ҳамда ота-оналар билан муносабатда муваффақиятларга эришиш имкониятини яратади.
Дарснинг самарадорлиги уни самарали ташкил этилганлиги билан боғлиқ. Яхши режалаштирилмаган, етарлича ўйлаб чиқилмаган, шошилинч тузилган ва ўқувчилар имкониятларига мослаштирилмаган дарс сифатли бўла олмайди. Дарсга тайёргарлик аниқ шароитларда энг юқори якуний натижага эришишни таъминловчи ўқув-тарбиявий жараённи ташкил этувчи тадбирларни ишлаб чиқишдир.
Таълим жараёни ўқитувчи ижодий қобилиятини намойиш этувчи саҳнадир. Ўқитувчилик маҳорати ҳеч қачон бир йўналишда қотиб қолмаслиги керак. Ўқитувчининг таълим жараёнидаги маҳорати жамиятда фан оламида рўй бераётган янгиликлар, ҳодисалар билан доимо чамбарчас боғланган ҳолда шаклланиб боради.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар таълим соҳасида ўқитувчи олдига юксак вазифаларни қўймоқда. Замонавий таълим ўқитувчидан қуйидаги вазифаларни эътиборга олишни талаб қилади:
- ўз мутахассислиги бўйича энг сўнгги билимлардан хабардор бўлиб бориш, таълимни педагогик технологиялар ҳамда ахборот технологияларидан фойдаланиб амалдаги ўқув тарбиявий жараён қонуниятлари асосида ташкил этиши;
- таълимда ўқувчиларнинг ёш ва психологик хусусиятларини эътиборга олиб ўз маҳоратини, билимини ва қобилиятини намойиш этиши;
- ўқувчиларнинг қизиқишлари, лаёқати ва талабларини ҳисобга олган ҳолда, улар томонидан билимларни пухта ўзлаштирилишига шароит яратиш;
- ўқувчилар томонидан ўрганилаётган ўқув фанларининг ўзаро алоқадорлигини таъминлаш;
- таълимни тарбиявий жараён билан ўзаро алоқадорлиги асосида шахсни ҳар томонлама камол топишини фаоллаштириш;
- ўқув тарбиявий фаолиятнинг барча босқичларида таълимнинг эмоционаллигини таъминлаш;
- компъютер ва ахборот технологиялари асосида фаннинг энг сўнгги ютуқларидан хабардор бўлиб бориш;
- таълимда ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакалари, фикрлаш ва фаолият турларини бойитиш мақсадида улар руҳиятини доимий ўрганиб бориш;
- ҳар бир дарсни пухта лойиҳалаштириш, режалаштириш, ташхис ва тахмин қилиш.
Таълим жараёнида ўқитувчи эришиши лозим бўлган ютуқлар кўп жиҳатдан унинг ижодий кайфиятини бошқара олиши билан боғлиқдир.
Манзура ТЎРАЕВА,
64-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.