Мулла Олим қишлоғи туман марказидан анча узоқда, тоғли ҳуддуда жойлашган. Қишлоқда 63-умумий ўрта таълим мактаби жойлашган бўлиб, унинг 80 сотих ер майдони ҳам мавжуд. Ушбу ер майдонидан самарали фойдаланиш мақсадида мактаб директори Актам Михлиевнинг ташаббуси билан турли хил мевали ва манзарали дарахтлар экилмоқда. Томорқани узлуксиз сув билан таъминлаш мақсадида қарийиб 1,5 километр узоқликдаги булоқ суви полиэтелин қувур орқали олиб келинди. Бугунги кунда 200 дан зиёд мевали дарахтлар ҳосилга кирган. Аҳамиятлиси, ўқитувчилар орасида тажрибали боғбонлар ҳам бор.
- Ижодкорман, табиатдан илҳомланаман, - дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ғайрат Кўбаев. - Мевали дарахтларни кўпайтиришга қизиқаман. Мактабни иккинчи уйим деб биламан. Томорқамда етиштирган олманинг келаси йил пишиқчиликкача сақланадиган навларидан пайванд қилиб, мактабимиз ҳовлисида ҳам кўпайтиряпмиз. Бир туп олма дарахтидан 100-150 килограммгача ҳосил ола бошладик.
Шунингдек, мактаб жамоаси томорқада иссиқхона ҳам қуриб, лимончилик билан ҳам шуғулланишмоқда.
- Уч йил аввал имкониятдан келиб чиқиб, ярим сотихлик кичикроқ иссиқхона яратдик, - дейди мактабнинг биология фани ўқитувчиси Бегимқул Примов. – Бу ерга синов тариқасида 6 тупгина лимон кўчатини экдик. Шу йил улар ҳосилга кирди. Ҳозирча бир тупида 10-15 тадан лимонлар пишиб етилди. Тоғли ҳудудда ҳам иссиқхона қилиш мумкинлигига амин бўлиб, уни кенгайтиришни режалаштиряпмиз.
Дилноза ҲАСАНОВА.