“Минишкор” маҳалла фуқаролар йиҚини туманимиз марказидан олис ва тоғли ҳудудида жойлашган. Ушбу маҳаллада 10 та қишлоқ жойлашган бўлиб, 210 та хонадон мавжуд. Оилалар сони 388 тани, аҳоли сони 1928 нафардан зиёдни ташкил этади. Бу ернинг аҳолиси асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиб келади.
Халқ таълими бўлимига қарашли 54-умумтаълим мактабида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли билан “Сайёр қабул” ўтказиб, уларнинг яшаш тарзи, ижтимоий аҳволи ва мавжуд муаммолари ҳамда уларни жойида ҳал қилиш масалалари билан қизиқди. Учрашувда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, туман давлат солиқ инспекцияси, халқ таълими бўлими, туман электр тармоқлари корхонаси ва бошқа тегишли ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар.
“Сайёр қабул”да ушбу ҳуддуда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ўзлари дуч келаётган муаммолар, мавжуд камчиликлар ҳақида саволлар ҳамда таклифлар билан мурожаат қилдилар.
Жумладан, фуқаро Ҳомид Бердибоев қишлоқда жойлашган 54-умумтаълим мактабининг қиш фаслида совуқ бўлиши, иссиқлик тизими ишламаслиги, бундан ўқувчилар қийналаётганлиги, шунингдек, қишлоққа автобус ажратишни, кўприк масаласида, Асатулло Йўлдошев электр энергия ўтказувчи столбаларнинг ниҳоятда эскирганлиги, уларни янгисига алмаштириш хусусида, Дониёр Ражабов йўлларнинг таъмирталаблиги, уни таъмирлашга техника ажратишда ёрдам беришни, Баҳодир Бердибоев кредит масаласини ҳал этиб бериш ҳақида, Адолат Аширова фарзандининг коллеж битирувчиси эканлиги, уни иш билан таъминлаш хусусида амалий ёрдам беришлигини сўраб мурожаат қилдилар.
Шунингдек, фуқаролар ички йўлларни таъмирлаш, электр таъминотидаги жиддий камчиликлар, яъни трансформаторларни янгилаш ҳақида ўз таклифларини баён этдилар.
Албатта, бу таклиф ва муаммолар иложи борича шу ернинг ўзида тегишли соҳа раҳбарлари иштирокида ҳал этилди. Шу билан бирга учрашувда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида аҳоли томорқаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда суғориш мақсадида сув етказиб бериш чораларини кўриш, фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳудуддаги ўта муҳтож ва кам таъминланган оилаларга мезон асосида нафақалар тайинлашга жиддий эътибор қаратиш, қишлоқлараро ички йўлларни кўриб чиқиб, таъмирга муҳтож бўлган йўлларни имкониятдан келиб чиқиб таъмирлаш, яроқсиз бўлиб қолган электр устунлари ва трансформаторларни алмаштириш ёки таъмирлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга кредит олиш бўйича йўлланма ва тавсиялар бериш юзасидан тегишли идоралар раҳбарларига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Қабул сўнггида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари доимий диққат-эътиборда эканлигини таъкидлаб, бу борада туман ҳокимлиги ва мутасаддилари ҳам зиммаларидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда фаолият юритишлари зарурлигини қайд этди.
Афсуски, мулоқотда маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, янги иш ўринлари очиш бўйича биронта таклиф ва мулоҳазалар билдирилмади. Бу эса ҳоким билан учрашувда фаол бўлишимизни талаб этади.
Ўз мухбиримиз
скачать dle 11.3