Бошланғич синфларда она тили фанидан билим, кўникма ҳамда малакалар оҚзаки ва ёзма шаклда текширилсада муайян шаклда умумий баҳо қўйилади. Бунда ўқувчиларнинг грамматик аниқлик, имло қоидаларини билишлари, сўзни ва гапни таҳлил қила олишлари, билимни ёзма нутққа татбиқ эта олишлари ҳисобга олинади. Она тилидан ёзма текшириш учун асосан диктант, баён, иншо, шунингдек грамматик сўз ясашга оид топшириқларни бажариш ва ёзишдан фойдаланилади.
Бошланғич синфларда диктант учун матн танлашда бир қанча тамойилларга риоя қилиш зарур:
1. Матннинг монологик нутқ шаклида бўлиши. Унда кўчирма гаплар, ундалмали, кириш сўзли, ажратилган бўлакли гаплар ҳамда қўшма гаплар бўлмаслиги лозим.
2. Матн ҳажми 1-4 синф ўқувчиларининг ўқиш суръатига асосланган бўлиши.
3. Матн мазмуни болалар ҳаёти билан боғлиқ бўлиши.
4. Диктант матни ўқувчиларга етарлича билим бериши.
5. Танланган матн ғоявий-бадиий жиҳатдан юксак бўлиши, болалар ҳиссиётига таъсир қилиши.
6. Матн тарбияловчи характерга эга бўлиши.
Ёзма иш турларидан яна бири баёндир. Баён ўқиб берилган наъмунавий матн мазмунини маълум тайёргарликдан сўнг ёзма равишда қайта ҳикоялашдир. Биринчи синф дастурига кўра матнни қайта ҳикоялаш машқлари берилмайди. Фақат аниқ бир мавзуда расмларга қараб гап ва кичик ҳикоя тузиш машқлари ўрганилади.
Дастлабки баёнларга тайёргарлик кўришда режа саволларига содда гапларни қўшиш, шу билан биргаликда унга имловий жихатдан кўпроқ урғу бериш талаб этилади.
Тўртинчи синфда баён устида ишлаш аста-секин мураккаблашиб боради. Унда ўқувчиларнинг ўзларига режа тузиш ўргатилади. Бунда ўқитувчининг вазифаси ўқувчиларни қисмларга бўлинган матнни ўргатишдан иборатдир.
Шахноза ХАЛИЛОВА,
48-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.