Мактаб – инсоннинг ўзидаги энг яхши сифатларни ўзлаштира оладиган маскан ҳамдир. Шу боисдан фарзандларимизнинг маънавиятли, комил инсонга айланиши мактабда таълим-тарбия тизимининг тўғри йўлга қўйилишига ҳам боғлиқдир. Бу борада тизимдаги ислоҳотлар изчил давом этиши ҳар бир ўқитувчининг фидокорлиги, ватанпарварлиги асосида қурилишини замоннинг ўзи исботлаб бермоқда.
Бу масканда олинган билим тенгсиз бойлик, бебаҳо хазина демакдир. Бунда кишидан иштиёқ, қунт ва албатта сабр талаб этилади. Ахир халқимизда илм олишни игна билан қудуқ қазишга менгзалиши бежизга эмас. Бор билимни халқнинг боласи онгига сингдириш эса кўп жиҳатдан азиз ва шарафли касб эгалари ўқитувчилардан ҳам жуда кўп нарсани талаб этади. Чунки бу касб айнан сабр устига қурилган десак, муболаға эмас. Кўча чангитиб юрган боланинг ўйинқароқликлари, инжиқликлари авж олган паллада мактаб остонасида кутиб олган биринчи муаллим, мурғак қалбда илм олишга бўлган иштиёқни уйғотишга қодир бўлган зотдир. Устозлар олдида турган асосий мақсад ҳам ўсиб келаётган ёш авлод онгига буюк аждодларимизнинг доно ўгитларини сингдириш, инсонийлик фазилатларини шакллантириш, уларни Ватанга муносиб фарзанд қилиб тарбиялашдир.
Бундан ташқари, фарзанд тарбиясида муҳим рол ўйновчи энг асосий омиллардан бири бу – оилалардаги соғлом тарбия ва муҳитдир. Бу эса ота-оналар зиммасидаги энг долзарб вазифалардандир. Ҳеч бир фарзанд онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Нотўғри тарбия ва носоғлом муҳитгина фарзанд тарбиясига ўз салбий таъсирини кўрсатмай қўймайди. Энг ачинарли томони шундаки, кўп ҳолларда ота-оналар фарзанд тарбиясидаги ўз масъулликларини унутиб, улар характеридаги нуқсон ҳамда камчиликларда кўпроқ мактаб ва устозларни айблашади. Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида шундай бир мақолага кўзим тушди. Унда аччиқ бўлсада: “Масжиднинг тахоратхонасига савоб умидида “ARISTON”, мактаб хожатхонасига битта обдаста оберамиз, тўйларда фалон-фалон сўмлаб қистирамизу, мактаб синфхоналардаги ромлар учун парда, деса жонимиз чиқади, ишхонада банкет бўлса ходимларга ҳоҳлаганча эрийми-зу, мактабга ота-оналар йиғилишига ёки тадбирлар учун вақтимиз ҳам бўлмай қолади”, - қабилидаги гаплар ёзилган эди. Булар айни ҳақиқат эмасми? Балки бугунги ота-оналарнинг мактабга бефарқлиги фарзандларга ҳам ўтиб қолаётгандир.
Баъзида ўқитувчилар боланинг мактабдаги хулқ-атвори ҳақида гапирсалар, айрим ота-оналар боласини оқлаб вазиятни яна ҳам чигаллаштиради, холос. Бундай ҳолларда минг афсуски, тўғри йўлдан тойиб, эгри йўлларга кириб кетишини ҳеч ҳам ҳаёлимизга келтирмаймиз.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ўзгаришлар даври келди. Бунда эса ислоҳотларни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз, “Ота-она - ўқитувчи - ўқувчи” тизимини яратиш, тизимнинг эса, натижавийлигига барчамиз бирдек масъулият билан ёндошишимиз лозимдир.
Бахтиёр ЖАНИБЕКОВ,
50-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси.