Давлатимиз раҳбари болалар тарбияси жараёнида ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклардан фикр ва тафаккурни тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш, ёш авлодни тарбиялашнинг асосий бўғини бўлган бошланғич таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилищи лозимлигини таъкидлаганлар.
Замонавий бошланғич синф ўқитувчилари ушбу вазифаларни ҳал этиш учун ташкилий жиҳатдан ҳам, мазмуний жиҳатдан ҳам бошланғич таълимнинг интегратив характерини, ўзининг бўлажак касбий фаолиятининг интегратив йўналганлигини аниқ ҳис қила олиши зарур. Бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг касбий тайёргарлигида интеграциялаш зарурати унда касбий компетентликни шакллантириш самарадорлигини белгилаб берувчи асосий шартлардан бири ҳисобланади. Бошқача айтганда, интегратив ёндашув нуқтаи назаридан кўриб чиқилгандагина бўлажак бошланғич синф ўқитувчиларининг методик тайёргарлиги самарали бўлади.
Яқинда туман халқ таълими бўлимига қарашли 48-умумтаълим мактабида "Бошланғич синфларда замонавий ёндашувлар асосида ёзма ишларни ташкил этиш" мавзусидаги ўқув семинари ҳам ёш педагогларга методик ёрдам кўрсатиб, малакали ўқитувчиларни рағбатлантиришга имкон яратди.
Семинарда бошланғич синф ўқитувчиси дарс ўтаётганда дарсликлардан ташқари, қўшимча методик қўлланмалардан фойдаланиши лозим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, малакали ўқитувчилар томонидан дарс ўтиш маҳоратлари амалий кузатилди.
Семинарда туман халқ таълими мудири Ш.Қўшбоқов ҳам иштирок этиб, пандемия даврида фаол ишлаган, ўзининг билими ва маҳоратини кўрсата олган ўқитувчилар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Дониёр ТОШБОЕВ,
туман халқ таълими бўлими услубчиси.