Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан декабрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни этиб белгиланди. Туманимизда “Турон” базмгоҳида ўтказилган қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кўтаринки руҳда нишонланди.
Бу соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса, қанчилик тотли ва ширинлигини ҳамма яхши билади. Деҳқон деганда, бепоён далалар, боғлар, дастурхондаги турли ноз-неъматлар, тўю-томоша, хурсандчилик кунларимиз, бутун ҳаётимиз кўз олдимизда намоён бўлади.
Миришкор деҳқон ва фермерлар, механизатор ва агрономлар, аграр тармоқ олимлари дунёдаги энг шарафли касб эгаларидир.
Президентимиз айтганларидек, деҳқон бу ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчидир. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “Олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир” деб, миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар.
Бугун дастурхонимиздаги, бозорларимиздаги файзу баракада ерга меҳр бериб, заҳматли меҳнат эвазига ризқ ундирилишига сабабчи бўлаётган, деҳқон-фермерларимизнинг ҳиссаси нечоҚли салмоқли экани барчамизга яхши маълум.
Туманимизда ўтказилган ушбу соҳа ходимлари байрамида қатнашар эканман, ана шуларнинг ҳаммаси кўнглимда бирма-бир ўтиб, ғурур ва ифтихор ҳисларимни жўштириб юборди.
Албатта, туманимизда сув муаммоси бўлгани билан заминимиз ҳосилдор. Уруғ сепган киши ҳосилини ўради, ниҳол ўтқазган киши асалдек ширин меваларидан баҳраманд бўлади. Фақат бирозгина меҳнатни, ишнинг ўзини эмас, “кўзи”ни ҳам билиб ишлашни кўпроқ талаб этади. Халқимиз эса меҳнатсевар, ризқу насибасини ана шу заминдан олиб, фаровон ҳаёт кечириб келаётир.
Элда халқининг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, бозорига қара, деган гап бор ва у жуда тўғри айтилган.
Хусусан, туманимиздаги бозорларни кўрган кишининг кўзи қувнайди. Деҳқону боғбонларимизнинг қадоқ қўллари, пешона терлари билан етиштирилган ҳосилнинг чўғи ана шу бозорларда намоён бўлмоқда. Исталган турдаги мевани хоҳлаганча топиш мумкин. Боз устига, уларнинг шарбатга тўлалигини, бошқа жойларга қараганда экологик жиҳатдан ҳам тозалигини айтмайсизми. Туманимизга келган меҳмон сархил мевалардан олмай қайтмайди.
Тадбирда туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев соҳа ходимларини байрам билан табриклар экан, фермерларимиз заҳматли меҳнатини, табиат инжиқликларига қарши мардонавор курашётганлигини таъкидлаб ўтди.
Бу, бежиз эмас, албатта. Чунки жорий йилда об-ҳавонинг қурғоқчил келиши, қишда қор, баҳорда ёмғирнинг кам бўлганлиги туфайли фермерларимиз белгиланган ҳосилни ололмади.
Лекин улар бундан чўчимасдан қатъиятлик ва мустаҳкам ирода билан меҳнат қилиб, келаси йил ҳосили учун ерга уруҚни қадашмоқдалар.
Маълумки, пиллачилик жуда масъулиятли, юқори даражада тайёргарлик кўриладиган, мавсумда иштирок этганларга шароитлар яратиб берилиши учун ҳар томонлама ёрдам уюштирилишини, руҳан қўллаб-қувватлашни тақозо этадиган мавсумдир. Бу йилги об-ҳаво қийинчиликрига қарамасдан миришкор пиллакорларимиз туманимиз тарихида биринчи марта 29 тонна кумуш тола етказиб бериб, вилоятда биринчилардан бўлиб, давлатга пилла топшириш топшириҚини бажардилар.
Шунингдек, тадбирда қишлоқ хўжалиги ходимларидан бир гуруҳи эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Туман маданият бўлими хонандаларининг жозибали куй-қўшиқлари билан эрта баҳордан кеч кузгача деҳқону боғбонларимизнинг қилган меҳнати шарафланди.
Б.МАМАДИЁРОВ.