Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан анъанавий тарзда “Донолик ва ташаббускорлик-сиёсий етакчилик мезони” шиори остида ўтказиб келинаётган “XXI аср аёли” Республика кўрик-танловининг Самарқанд вилоят босқичи ҳам қизғин баҳсларга бой бўлди.
Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида фахрли биринчи ўринни эгаллаган 15 нафар иштирокчи 3 та шарт бўйича ғолиблик учун ўзаро кураш олиб бордилар.
Танловни кузатиш учун келган томошабинлар тадбир давомида ҳар бир иштирокчининг сиёсий билимига, етакчилик қобилиятига, истеъдодига баҳо бериш имкониятига эга бўлдилар.
Мамлакатимизда кечаётган туб ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, Президентимиз юритаётган одилона ва оқилона сиёсат моҳиятини халқга етказишда нечоғлик қобилиятга эга эканликларини партия фаоли сифатида намоён этган иштирокчиларнинг “Партия менинг тақдиримда”, “Партия фаолиятида ташаббусларим”, “Партия дастури ва қонунчиликка таклифлар” каби шартлар бўйича баён этган мулоҳазалари, илгари сураётган ташаббуслари ва қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан билдирган таклифлари тўпланганларда катта таассурот қолдирди.
Танлов иштирокчиларининг чиқишларини синчковлик билан кузатиб борган ҳакамлар ҳайъати тумандошимиз, Қўшработ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежининг ўқув бўлими услубчиси Шарипова Зебунисо Ғанижоновнани ғолиб деб топишди ҳамда унга танловнинг Республика босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифа топширилди.
Кўрик-танловда фахрли ўринларни эгаллаган иштирокчилар ҳамда эълон қилинган номинациялар бўйича ғолибларнинг барчаси партия вилоят кенгашининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
ЎзМТДП туман кенгаши етакчи мутахассиси