Кўклам нафа¬си кўнгилларимизга беғубор ҳис-туйғу¬лар уйғотаётган ушбу қутлуғ кунларда, бар¬ча¬миз тинч ва осойишта юртимизнинг яна бир қадимий шодиёнаси - Наврўз умумхалқ байра¬ми¬ни туманимиз аҳли кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кутиб олди.
Наврўз байрами жуда қадимий байрам саналади. Бу байрамнинг тарихи қарийб 4-4,5 минг йиллик, деган тахминлар мавжуд. Бунга муайян асослар ҳам бор. X аср тарихчиси Абу Бакр Наршахий “Бухоро тарихи” китобида Сиёвуш ҳақида қўшиқлар тўғрисида сўзлар экан, бунга 3 минг йиллар бўлган, деган фикрни билдиради.
Қадимий маданиятимиз, миллий қадриятларимизни тиклашга қаратилаётган доимий эътибор туфайли аждодларимиздан мерос урф-одатлар, халқ ўйинлари Наврўз дастурига киритилиши бу байрамни янада гўзал сайилга айлантирмоқда.
Наврўз – азалий миллий қадриятлар тимсоли, меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик рамзи ҳисобланади. Ушбу байрам халқимизнинг бағрикенглик, яхшилик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатларини ўзида намоён этади.
Байрам арафасида туманимизнинг ҳар бир ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилиб, ҳашар ўтказилиши анъана тусини олган. Бундай эзгу анъаналар эса халқимизни янада жипслаштириб, жамиятда тинчлик, тотувлик, бағрикенглик ва бунёдкорлик муҳитини тобора мустаҳкамлашга замин яратади. Туманимизнинг барча маҳаллаларида, қишлоқларида кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди ва ҳали давом этмоқда. Айниқса, йўл четларига, ҳовлиларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди, дарахтларга шакл берилди, оқланди.
Туманимиз марказидан унча узоқ бўлмаган Қўшоғоч қишлоғининг қир-адирлари ҳар қачонгиданда чирой очган. Эрталабдан карнай-сурнай садолари янграб, минглаб тумандошларимиз, қўшни туманлардан келган меҳмонлар байрам шодиёналарига чорланди. Умуман олганда сўлим тепалик аҳоли билан гавжум бўлиб, байрам ўзгача тароват касб этди, байрам сайли бошланди. Об-ҳаво ҳам худдики синовга чорлагандай эрталабдан ўзининг шамоли ва чанг-тўзонини олиб келди. Лекин шунга қарамасдан ушбу сайилда маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан азалий урф-одатларимизга мувофиқ дастурхон безатилди. Кўкламги кўкатлардан тайёрланган турли баҳорий таомлар, ширмой кулчалару патирлар, дошқозонларда тайёрланган сумалак дастурхонларга тортилди. Қизлар ўзбекона одатларга биноан келин саломлари қилдилар, йигитлар қадимий лапарлардан ижро этишди.
Кенг тепаликнинг ўртасида ажойиб ясалган саҳнада туман маданият ишлари бўлими, “Кончи” маданият уйи бадиий жамоалари, 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабининг жажжи ҳаваскор ўқувчиларию боғчаларнинг тарбияланувчилари тайёрлаб келган концерт дастурлари намойиши ўзгача завқ ва шавқ бағишлади.
Спорт мусобақалари ҳам қизғин тарзда ўтди. Тош кўтариш, арқон тортиш, шахмат-шашка, турникка тортиниш, айниқса, кураш бўйича мусобақалар қизғин тус олди. Шунингдек, туманимизда спортнинг армрестлинг тури ҳам оммалашиб бормоқда. Сабаби ўтган йили туманимизнинг уч нафар мактаб ўқувчилари Туркияда ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашиб, совриндорлар қаторида жой олдилар. Бу спорт мусобақасида ҳам йигит ва қизлар ўз вазн тоифалари бўйича ўзаро беллашдилар.
Турли хил халқ ўйинлари, жумладан, варрак учириш байрам сайлига янада файз бағишлади.
Ташкилотларда ишлаётган ходимлар - қўли гул, пазанда опа-сингилларимизнинг тайёрлаб келган таомлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаларини томоша қилиш ҳам мароқли бўлди. Бир ёнда дошқозонда сумалак, бошқа тарафда кўксомса, чучвара сингари турфа таомларни кўриб беихтиёр кўнглингиз ёришади.
Бу “Таомлар кўриги”да янада ёрқинроқ намоён бўлди. Баъзи ташкилотлар тайёрлаб келган таомлар тури юздан ошиб кетди. Ушбу кўрикни баҳолаш учун тузилган саноқ комиссияси аъзоларининг таомларнинг турларини аниқлашда анча шошиб қолганини кўриш мумкин эди. Ушбу кўрикда айланиб юрар эканмиз, “Иқтисодий таҳлил” газетаси махсус мухбири Б.Шакаров ҳам кузатаётганининг гувоҳи бўлдик:
-Тўғриси, “Таомлар кўриги” ҳамма хурсанд қиладиган даражада безатилган,-деди у киши. - Лекин, оналаримиз, аёлларимиз, хотин-қизларимиз ўзлари тайёрлаган миллий таомларимиз камроқдек, туюлди назаримда. Кўрикда бу жараёнларга эътибор берилса, яхши бўларди.
Истиқлол туфайли тикланган қадриятларимиз, урф-одат ва миллий байрамларимиз орасида Наврўзи оламнинг ўрни, завқу шавқи бўлакча. Меҳр-оқибат, эзгулик, саховат ҳамда мурувват тимсоли саналмиш ушбу айём халқимизнинг азалий анъаналарига уйғунлиги билан янада қадрлидир.
Дарҳақиқат, Наврўз байрами мусаффо осмон остида, тинч-омонликда нишонланаётгани мамлакатимиз мустақиллигининг илк йилларидан Биринчи Президентимиз бошчилигида амалга оширилиб, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган тинчликпарвар сиёсатнинг, кенг кўламли ислоҳотларнинг нақадар тўғри эканлигининг ёрқин ифодасидир. Тинч-осойишта элдагина байрамлар бўлади, ҳаловатли халққа эса хурсандчилик ярашади.
Шундай фарахбахш дамларда она табиатда рўй бераётган яшариш, янгиланишларни қалбидан ўтказаётган ҳамюртларимиз кўнглида шодлик, яна бир Наврўзга, гўзал ҳаётнинг бебаҳо неъматларига эсон-омон етганимиз, эл-юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги учун шукроналик туйғулари жўш уради.
— Ҳар йили байрамга маҳалламиз аҳли томонидан турли-туман ўзбекона таомлар тайёрлаб, миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз акс этган театрлашган кўринишлар билан иштирок этамиз, – дейди “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Ирзақулов. —Бу йилги Наврўз чин маънода барча учун байрам сайли бўлмоқда. Ҳар галги байрам тадбирларидан фарқли ўлароқ, бу йилги Наврўзимизда ҳеч бир муассаса, ҳеч бир жамоа байрамдан четда қолмади. Биз жамоамиз билан айёмга катта тараддуд кўрдик. Хотин-қизларимизга байрам кайфиятини улашиш мақсадида маҳалламизда маънавий-маърифий, бадиий дастурлар ташкил этдик. Байрам баҳона барчанинг қалбига баҳор кайфияти кирди.
Туманимиз байрамини кўпкарисиз тасаввур қилиш қийин, албатта. Миллий қадриятларимиздан ҳисобланган Улоқ ўйини от ишқибозларининг севимли ўйинларидан бири. Унинг тарихи халқимизнинг узоқ ўтмишларига бориб тақалади. Халқимиз қадим-қадимдан уни авайлаб, эзозлаб келишган. Авлоддан-авлодга ўтаётган анъана мустақиллик йилларида янада ўзлигини топиб, тўй ва томошалар кўркига айланмоқда. Аслида ҳам эр йигитнинг ор-номуси, ғурури от ҳисобланган. Чайир, учқур саманлар паҳлавонларни мардликка етаклаган. Чаққонлик, чапдастликни ўргатган. Куз, қиш ва баҳор ойларида мамлакатимизнинг турли гўшаларида Улоқ-кўпкари ўтказиш анъана тусига кириб бормоқда. Байрам арафасида ҳам юзлаб тумандошларимиз қатори қўшни туманлардан, ҳаттоки қардош Қозоғистон Республикасининг Еттисойидан ҳам ташриф буюрган чавандозлар совринлар учун от чоптирдилар.
Байрам сайиллари туманимиз бўйлаб давом этмоқда. Наврўз таровати бутун юрт узра қалблардан қалбларга кўчиб юраверади.
Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!
Ҳусниддин МАМАРАСУЛОВ.
Б.МАМАДИЁРОВ олган суратлар.