Иккинчи жаҳон урушида қаҳрамонлик кўрсатган ҳамюртимиз Очил Қодиров уй-музейини излаб Себистон қишлоғи сари йўл олдик. Даставвал “Қўшработ” маҳалла фуқаролар йиғини марказида Очил Қодировга ўрнатилган бюстни зиёрат қилдик. Аммо бу бюст атрофи озроқ кўримсиз ҳолга келганлиги, бюст эса кимга тегишли эканлиги ҳақидаги ёзувларнинг йўқ бўлиб кетганлиги кўнглимизни бироз хира қилди. Кейин йўл-йўлакай Очил Қодиров яшаган хонадонни сўраб боравердик. Ёши катта кишилар йўлни тўғри кўрсатишди, аммо йўлимизда учраган айрим ёшлар эса Очил Қодиров яшаган уй ёки музей ҳақида эшитишмаган, ҳатто унинг ўзи ҳақида тўлиқроқ маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди.
Бир амаллаб биз излаган уйни топдик. Тахминан икки юз йил аввал қурилган уй қаровсиз аҳволда экан.
- Бу уйда амаким Очил Қодиров яшаган, - дейди шу уйнинг ёнгинасида жойлашган хонадонда истиқомат қилиб келаётган Ортиқ Тугалов. – Туманимизнинг фахри бўлган қаҳрамон амаким яшаган бу эски уйни бузиб ташлашга қўлим бормайди, таъмирлашга эса шу маблаҚим етмайди. Бир пайтлар Очил Қодировнинг уй музейини ташкил қилиш ташаббуси билан чиқдим. Маблағ топилмаганлиги сабабли бу иш қолиб кетди. 1995 йилда Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 50 йиллиги арафасида “Истиқбол сари” газетаси мухбири келиб, амаким Очил Қодиров ҳақида мақола ёзганида, туманимиз раҳбарларининг эътиборига тушиб, хароба аҳволга келиб қолган уй имкон қадар таъмирланиб, том қисми тунука билан қопланди. Аммо бу уйда музей ташкил этиш ташаббусим амалга ошмади. Очил Қодировга тегишли ҳарбий кийимларни, уй-рўзғор буюмларини қишлоғимиздаги 50-мактабнинг тарих музейига берганман.
Ортиқ аканинг мактабда ташкил этилган тарих музейи ҳақидаги гапидан кейин ўша музейни кўздан кечириш мақсадида 50-умумтаълим мактабига ташриф буюрдик. Мактаб ҳовлисига кириб боришимиз билан яшиллик билан бурканган дарахтлар кўзни қувнатади. Мактаб биноси замонавий типда қурилган экан. Ҳовлисининг чап қисмида эса, мактабнинг эски биноси ва унинг олдида бир ёдгорликка кўзимиз тушиб ҳайрон бўлдик. Бу қандай ёдгорлик эканини сўраганимизда, бир пайтлар бу ерда Очил Қодировнинг бюсти ўрнатилганини айтишди. Бюст гипсдан тайёрланган бўлиб, қор-ёмғирларга дош беролмай тўкилиб қолган эмиш. Мактабнинг эски биносидан бир дона музей учун ажратилганлиги диққатга сазовор. Бунинг учун мактаб маъмуриятига миннатдорлик билдирса арзийди, аммо бу музейга яқин вақтларда ҳеч ким кирмаган шекилли, бу ерда сақланаётган ноёб экспонатларни чанг босиб ётганининг гувоҳи бўлдик.
Туманимиз фахри бўлган, иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган, “Совет Иттифоқи қаҳрамони” унвонига сазовор бўлган Очил Қодировнинг хотираси доимий қалбимизда бўлиши керак. Иложи бўлса уй-музейини қайтадан таъмирлаштиш лозим бўлади. Буни мутасаддилар ҳукмига ҳавола қиламиз. Лекин юртдошимиз Очил Қодировнинг номини улуғлаш, доимий ёдда сақлаш, унга ўрнатилган бюст атрофини ободонлаштириш эътиборимизда бўлиши зарурдир. Бу туманимизнинг мутасадди раҳбарлар ўртасида қай даражада муҳокама этилади, қаҳрамон ҳамюртимизнинг хотираси қай даражада улуғланади, буни вақт кўрсатади.
Тўлқин СИДДИҚОВ