Туманимиз марказига кираверишдаги ўнг томондаги боғ-роғларни кўпчилик яхши эслайди. Уни эккан, меҳр бериб кўкартирган инсон Ҳусан бобо Ҳакимовни кўпчилик яхши билади. У киши нафақат туман марказида, балки Пангат ҳудудида ҳам боғ-роғлар яратганлиги билан машҳур эди. Ушбу фидойиликларини инобатга олган ҳолда туманимиз маркази йўл патрул хизмати биноси ёнида Ҳусан бобонинг бюсти ўрнатилди. Бюст атрофи ободонлаштирилиб, туманимизга кўрк бағишлар эди.
Ўтган йили бюст атрофидан кам таъминланган, ногиронлар учун икки қаватли бинолар қурилиб, топширилди. Ҳусан бобонинг бюсти ушбу бинолар олдида кўримсизгина бўлсада, сақлаб қолинди. Бу ҳам Ҳусан бобога бўлган ҳурмат белгиси деб қараш мумкин эди.
Лекин афсуски шундоққина бюст атрофи кейинги пайтларда янги уйга кўчиб кирган аҳоли томонидан чиқиндихонага айлантирилди. Бир томонда Ҳусан бобо Ҳакимовнинг бюсти, унинг ёнида эса аҳоли томонидан ташланган ахлат.
Туманимизнинг ободончилиги учун ҳисса қўшган, дарахт экиб боғ яратган инсонга ҳурмат қаерда қолди. Наҳотки аҳолининг бу инсон ким эканлиги, бекор бюст ўрнатилмаганлигини билишмаса.
Уларни ҳам тушуниш мумкин, чиқиндини қаергадир ташлаш керакку. Наҳотки мутасаддилар аҳолига шунча шароит яратиб беришибдию, уларга чиқинди ташлайдиган жой қилишмаган бўлса. Буни бемалол қилиш мумкин. Битта чиқинди ташлайдиган контейнер ўрнатилса бас, муаммо ечимини топади. Аҳоли ҳам ўз чиқиндиларини ўша жойга ташлайди.
Албатта, ҳар бир нарсага эътиборли бўлиш лозим. Ҳусан бобо Ҳакимовнинг хизматлари туманимиз учун жуда кўп сингган. Уни ёши улуғлар яхши эслайди. Бу инсонга ҳурматимизни ҳеч бўлмаганда, у яратган боғ-роғларни яхши сақлаб, ўрнатилган бюсти атрофини ободонлаштириб, эслаб турсак яхши бўлар эди. Кейинги йилларда мана шундай инсонлар туманимизга қанчалик керак эканлиги ойдинлашиб бормоқда. Бу борада мутасадди идора вакиллари муаммони ўрганиб, аҳолига шароит яратиб беришади деб ўйлаймиз, албатта.
Т.ХАЛИЛОВ.
Б.МАМАДИЁРОВ олган сурат.