ёхуд Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Очил Қодиров - Себистоннинг ботир ўғли
(хотира-ҳикоя)
1941 йил. Ёзнинг қуёш энг узоқ чиқиб турадиган кунлари. Барча эллар қатори Себистонликлар ҳам ўз ҳаловатини йўқотган. Билаги кучга тўлган йигит борки, Ватан ҳимоясига отланди. Оқтов этакларида сурув-сурув қўйларини ҳайдаб, қўшиқ хиргойи қилиб юрган камсуқум чўпон йигит Очил ҳам бошига рўзғор ташвиши тушар-тушмас, қўйчивонлик таёғини қуролга алмаштирадиган бўлди...
Катта эшелон Мағриб сари пишқириб борар, минглаб ўғлонларнинг юраклари поезд ғилдиракларининг тарақ-туруқига монанд ғазабнок, бетартиб урарди. Бу темир карвоннинг манзили эса – машъум уруш домида қолган Беларусь ўлкаси эди.
Оддий аскар Очил Қодиров қўл пулемётчи-наводчиги бўлиб, жанговар хизматини бошлади.
Теваракда эзғин манзара – ўлим кўланкаси кезиб юрган вайрона шаҳар... Ёнаётган танк, кўкка ўрлаган ачимсиқ тутун, ер билан яксон уйлар, етим қолган гўдаклар чинқириғи Очилга уйқу бермади. Айниқса, кўз олдида елкадош дўстларининг жон таслим қилишлари қалбини ларзага келтирди.
У ўзини қўлга олди ва ўлим нималигини унутди. Рост-да, биргина дайди ўқ бутун бошли инсон ҳаётига нуқта қўяди. Бу уруш. Бунда инсон учун ўлишдан осони йўқ. Ўлмоқ осон экан деб, ҳамма ҳалок бўлаверса, душманни ким енгади. Очил шунча олисдан бу ўлкаларга ўлиш учун эмас, жанг қилиш, ғанимни ер тишлатиш, Ватанни ёвдан ҳимоя этиш учун келган. Ахир ўлимдан қўрқишнинг ўзи ўлдим дегани-ку. Очилнинг жони бор экан, у жанг қилаверади, яшайверади... Ўлишга эса улгуради. Берган омонатини вақти-соати келиб, Яратганнинг ўзи қайтариб олади.
Жангчи йигитнинг мардона руҳиятига она юрт, қондошлар, суюкли ёр соғинчи, келажакнинг бахту камоли каби мунаввар туйғулар бутун уруш давомида ҳамроҳ бўлди. Ундаги метин ирода ҳам, эҳтимолки, шундай оташ туйғулар тафтида тоблангандир... Ахир, беш марта оғир яраланса-да, ҳар гал ўлимни доғда қолдириб, яна жангга шай туриши шундан далолат эмасми?!
Марказий Белоруссия фронти, Болтиқбўйи, Москва ҳамда Польшада кечган қирғинбарот жангларда кетма-кет жасоратлари туфайли иккита “Қизил Юлдуз”, 3-даражали “Шуҳрат”, “Жасорати учун” каби орден ва медаллар Очил Қодировнинг кўксини тўлдириб борди.
1944 йил, 3 сентябрь. Гитлерчи фашистлар тобора чекиниб борар эди. Қардош Польша диёрини душмандан халос этиш топшириғини олган қўшин сафида Очил ҳам мардонавор жанг қилди. Душман Нарев дарёсининг нариги соҳилида писиб ётар, бу қирғоқда бизнинг жангчилар ҳужум учун қулай вазият вужудга келишини пойларди. Шунда Очилнинг миясида “қайиқ ясайман”, деган фикр чақнади. Унинг бироз ўжарроқ феълини сафдошлари дарров тушунадиган бўлиб қолганлари боис, ҳеч ким ундан нима қиляпсан, деб сўрамади. Очил ўзи ясаган қўлбола қайиққа пулемётини ортиб, ўта сергак ва илдамлик билан нариги соҳилга сузиб ўтди. Ўша ердаги эски тош саройга кириб олишга муваффақ бўлди ва қўл пулемёти билан қулай ўрнашиб олди. Ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, Очилнинг ҳаракатларини душман пайқаб қолган экан. Уларнинг ўзиюрар тўплари Очил томонга кела бошлади. Масофа 100-150 қадам чамаси қолганда Очил қўққисдан ўт очиб, ўзиюрар тўплардаги гитлерчи десантни қира бошлади. Анча саросимага тушиб қолган душман чекинишга мажбур бўлди. Бу қулай фурсатдан фойдаланган жангчиларимиз ҳам дарёдан сузиб ўта бошладилар. Кутилмаганда дарёнинг чап қирғоғида, Дроздово қишлоғи яқинида гитлерчиларнинг қўшимча кучлари пайдо бўлиб қолди. Улар Очилнинг сафдошларини орқадан ўққа тутишди.
Очилнинг мияси тез ишларди. У пулемётини яна қайиққа ортиб, чап соҳил томон сузиб кетди. Қулайроқ жой топиб ўрнашди ҳамда ўйлаб ўтирмасдан газандалар пистирмасига қарата бетўхтов ўқ уза бошлади. Тўсатдан бўлган бу ҳужумдан душман довдираб қолди.
Уруш уруш-да... душманнинг дайди ўқлари, ёнгинасида портлаган граната парчалари Очилни четлаб ўтмади. Иродаси кучли эмасми, танаси моматалоқ бўлиб кетганига қарамасдан чўпон йигит ҳужум шиддатини сўндирмади. Шу тариқа қуролдош дўстларининг дарёдан беталофат сузиб ўтишларини таъминлади, аммо ўзи кўп қон йўқотиб ҳушидан кетди. Очил ҳарбий госпиталда ўзига келгачгина, сўнгги жангдаги зафар нашидасини ҳис этди. Унинг руҳи яна тетиклашди ва бу мудҳиш урушга нуқта қўйилмагунча жанг қилишга онт ичди. Бироқ врачлар унинг олган жароҳатлари анчайин жиддийлигини айтиб, уруш майдонига боришга рухсат беришмади. ўалаба онлари яқин қолганилиги боис қўмондонлик Очилни ўз юртига қайтариб юборди...
Себистонда эса бундан анча ойлар олдин янглиш маълумот маҳсули – оддий аскар Қодиров Очилнинг қаҳрамонларча ҳалок бўлганлиги ҳақидаги қора хат қондошларни қон йиғлатиб, аза очмоққа буюриб бўлган эди...
* * *
Уруш ниҳоялаб қолган, Себистонга йигитлар тўлиқ қайтишмаган бўлса-да, ҳартугул, эл кўнглидан ваҳима ариган эди. Инсон ҳаммасига кўникар экан. Энди хавотир ва азоблар чекиниб, одамлар тўйларни ҳам бошлаб юбордилар. Буни қарангки, ўлди дея қора хат келган Очил ҳеч кутилмаганда қишлоққа “соппа-соғ” кириб келса бўладими?! Йиғлаган ким-у, шодланган ким...
Очил эса, туғилиб ўсган Себистон қишлоғига, қондошлар, яқинлар даврасига қайтиб, улар билан юз кўришиш насиб этганидан Аллоҳга ҳамду санолар айтди. Урушда кўрган азоб-уқубатларни унутиш учун у ўзининг чўпонлик таёғини қўлга олди ва яна давлатнинг қўйларини боқа бошлади. Ўзлаштирилмаган ерларга буғдой экди, кўчатлар ўтқазиб, боғ яратди. Ахир, у меҳнатсиз яшай олмасди.
Гўдаклигидан акаси Тўлак Қодиров қарамоғида қолган Очил бу оиланинг ўз фарзандидек эди. Янгаси, яъни Тўлак бобонинг хотини Адил момо ҳам унга меҳрибон бўлди. Аслида Очилнинг ўзи жудаям очиқкўнгил, камтарин, содда, аммо жасур ва айниқса, меҳнатсевар йигит эди.
Бир куни Очил камтаринлик фазилатини озгина бузиб қўйди. Шунча воқеаларни кўриб ҳам унинг соддалиги, тортинчоқлиги қолмабди. Дўстлари ҳамқишлоқлари тез-тез йиғилишиб, у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуришарди. Шундай йиғинларнинг бирида ёш-яланг Очилдан урушда кўрган-кечирганларидан сўзлаб беришини сўраб қолди. У бир зум хаёлга чўмди. Содда, самимий, очиқ йигит эмасми, бор гапни рўйи-рост сўзлаб, жиндек мақтаниб ҳам қўйди:
– Ҳали кўрасизлар, менинг қаҳрамонлик унвоним, орден-медалларим келади. Мен қаҳрамон бўлганман! Фақат... Ҳужжатларимни поездда ўғирлатиб қўйдим. Очилнинг бу гапларига ишонгандан ишонмаганлар кўп бўлди. Уни масхара қилгувчилар ҳам топлиди.
– Қаҳрамон бўлиш келиб-келиб сенга қоптими? Ахир, қўйларни ҳам сиз-сизлаб ҳайдайсан-ку.
– Милтиқ ушлаганмисан ўзи? Душманнинг, ҳеч бўлмаса, ўлигини кўрганмидинг?
– Фалончи қўлидан ажрабди, фалончи эса бир оёқда қайтди. Сен бўлсанг, тўрт мучанг соғ, уруш ҳазил бўптими сенга, а?..
Во ажаб, суяксиз тил деганлари рост экан. Эҳ, содда одамлар... Ахир фашист тўдаси қўй-қўзилар суруви эмас-ку. Нафақат милтиқ, пулемёт, граната ҳам ушлаган бу қўллар. Не-не шаҳид кетган қуролдошларнинг очиқ қолган кўзларини юмиб қўйган ҳам шу қўллар. Наҳот, қирғинбарот урушда жангчи албатта танасининг бирор аъзосидан айрилиши шарт бўлса. Тўғри, бир қарашда Очилнинг тўрт мучаси соғ. Гарчи беш марта яраланган бўлса ҳам кучли иродаси туфайли унинг юз-кўзлари тиниқ.
Аслида унинг дили вайрон, ичидан зил кетган. Бир томондан уруш даҳшатлари ёдига тушиб оромини бузса, бошқа томондан янглиш хабар қурбони бўлган муҳаббати (бу ҳақда бироз кейин) учун ўкинар, бунинг устига бугунги тинч меҳнат қучоғида орттирган терлатма хасталиги унинг ҳаёти билан жиддий ўчакишиб турарди. Очил бу дардларини ҳеч кимга сездирмасликка уринди. Аммо, барибир, тўрт йил урушда енгилмаган чўпон йигит ўзи учун арзимас бўлган хасталикка ҳаётини бой бериб қўйди. Сўлим Себистон ўзининг Очилдек мард ўғлонидан айрилди.
Тўлак бобо ва Адил момо ўз жигарбандларидан ажраб, унинг доғида куйиб кул бўлишди. Энг қайғулиси – Очилдан зурриёт қолмади. Урушдан олдин Очилни бир лобар қизга уйлантиришган эди. (Маълум сабабларга кўра у қизнинг исми сир тутилди. - Ј.С.) Уруш айни авжига чиққан кунларнинг бирида, юқорида айтганимиздек, тақдирнинг аччиқ ҳазили деймизми, Очилдан қора хат келди. Қишлоқда унга аза тутилди. Қишлоқнинг ўша замон удумлари ҳамда оғир шароит тақозасига кўра, навжувон келин ота уйига қайтариб юборилди ва у тез орада бошқа турмуш қуриб кетди. Очил урушдан қайтгач, негадир бошқа уйланмади. Тўғрироғи, уйланишга улгурмади.
Очилнинг гаплари рост бўлиб чиқди. У ҳаётдан кўз юмгач, орадан ярим йилча ўтиб, ҳарбийларга алоқадор, ўта тартибли бегона одамлар, ҳукумат вакиллари қишлоққа келиб, қаҳрамонлик унвони, орден ва медалларини Очилнинг акасига топшириб кетишди. Шу куни бутун қишлоқ қайтадан мотам тутди...
Ҳа, қаҳрамон ҳамюртимизнинг жасорати мислсиз эди. Эл тинчлиги йўлида кўксини қалқон айлаган Очил Қодировдек мард ўғлонлар ҳамиша эътирофга ва ифтихорга муносиб. Уларнинг жасорати ибрат қўшиғи бўлиб мангу янграйди. Ушбу ҳикоямга мантиқий якун ўрнида устозим, Қўшработнинг ижодкор ўғлони, марҳум шоир Равшан Файзнинг Очил Қодировни хотирлаб ёзган қуйидаги шеърини келтирмоқни жоиз билдим:
Олис-олисларда йиғлар Қўшработ,
Эли қўйчивонсиз қоларку бу йил.
Хирмонда яйловни соғинади от,
Тўшига ботади эскирган айил.
Олисда бағрини тиғлар Қўшработ,
Сокин далалари яна ҳам жим-жит.
Фақат ғингшиганча қайдадир бот-бот,
Чўзиб увлаб қўяр бўрибосар ит.
Дарё тўлқинлари суронли жанггоҳ,
Ижирғаниб ютар ўқларни дайди.
Кимдир пўртанага тўш урар ногоҳ,
Бу ўша чўпонга жуда ўхшайди.
Сузиб борар экан ҳаммадан олдин,
Қўшиқлар айтади мардонавор, шод.
У аниқ ишонар кун келар ойдин,
Унинг қўшиғини тинглар Қўшработ.
Олис-олисларда йиғлар Қўшработ.
Қувондиқ СИДДИҚ.