“Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида 533 та оила, 2342 нафар аҳоли мавжуд. Шулардан кекса ёшдагилар 456 нафар, 1388 нафарини ёшлар ташкил этади. Ҳудудимизда 3 та мактаб, 2 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд.
Маҳалладаги аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ана шу рақамнинг ўзиёқ ҳудудимизда ёшлар тарбияси, уларнинг маънавияти, ахлоқ ва одоби билан шуғулланиш кундалик муҳим вазифага айланиши лозимлигини кўрсатиб турибди.
Мактаб ўқувчиларининг дарсларга ўз вақтида қатнови - давоматини доимий таҳлил этиш, дарс пайтлари ўқувчиларнинг турли кўнгилочар масканларда, компьютер-клубларида бўлишининг олдини олишда ҳудуд профилактика инспектори ҳамда “Ёшлар иттифоқи” туман кенгаши билан ҳамкорлик яхши самара бермоқда. Бу эса маҳалламизда ёшлар ўртасидаги жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 30 фоизга камайишига эришилишига омил бўлди.
Шунингдек, ёшларнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтишини таъминлашда маҳалла фаоллари ва кўчабошилар ҳам кўмак бераяпти. Ҳар бир ўғил-қизнинг юриш-туриши, уларнинг кўча-кўйда ва жамоат орасида ўзини тутиши доимий эътиборда.
Маҳаллада ёшларнинг шуғулланишлари учун шахмат-шашка, футбол тўгараклари ташкил этилган. Бундан ташқари, ёшлар тикувчилик, тўқувчилик, сартарошлик ва этикдўзлик сингари ҳунарларни ўрганиши учун моҳир ҳунарманд-усталарга шогирд қилиб берилган.
Маҳалламиз ҳудудидаги 81, 82-умумтаълим мактабларида "Ўқувчилар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олишда оила, маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги", "Оммавий маданият билан боғлиқ мафкурафий таҳдидлар", "Ота-она - оила таянчи", "Гиёҳвандлик - аср вабоси" сингари жуда кўплаб мавзулардаги давра суҳбатлари, очиқ мулоқотларни ташкил этиб келмоқдамиз. "Бепарволик оқибати", "Адашганлар қисмати" каби видеороликлар намойиши нафақат ўқувчилар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорламоқда.
Ёшлар ўртасида соғлом муҳитни қарор топтиришда, аввало, оила алоҳида ўрин тутади. Шуларга мос равишда маҳалла фаоллари ва туман ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳудудимиздаги хонадонларга уйма-уй юриш орқали оилаларнинг турмуш тарзини ҳамда ота-оналарнинг фарзандига нисбатан муносабати ва масъулиятини ўрганиб, тегишли хулосалар чиқариб, зарур ҳолларда кўмаклашиб келинмоқда. Бу эса оилалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Оилаларда ўтказиладиган учрашувларда болалар оилада етарлича меҳр тополмаслиги оқибатида кўчага чиқиб кетиши мумкинлиги ва бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш лозимлиги, фарзанд учун, энг аввало, ота-она шахсий намуна бўлиши зарурлиги атрофлича тушунтирилаяпти. Ҳудудимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
Ч.ДЎСҚУЛОВА,
“Мустақилик” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустҳкамлаш бўйича мутахассиси.