Туман марказидаги 5-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида туман ҳокимлиги ташаббуси билан туман Бандликка кўмаклашиш маркази ва прокуратура, “Ёшлар иттифоқи” кенгаши ҳамда ички ишлар бўлими ҳамкорлигида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди.
Мазкур меҳнат ярмаркасида 300 нафардан зиёд иш топишда қийналаётган кам таъминланган оилалар вакиллари, муқаддам судланганлар, чет элдан қайтиб келганлар, олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар, алимент тўловини тўлай олмаётган фуқаролар ҳамда ҳозирда ишсиз бўлган шахслар иш сўраб мурожаат қилди.
Ўтказилган ярмаркада туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган 77 та корхона ва ташкилотлар 235 та мавжуд бўш ва заҳираланган (квота) иш ўринлари билан иштирок этди.
Тадбир давомида фермер хўжаликларида етиштирилган ноз-неъматлар, хизмат кўрсатиш соҳаси, жумладан тикувчилик ускуналарида тикиш-бичиш бўйича иш берувчиларнинг технологиялари намойиш этилди.
Ярмарка давомида 105 нафар банд бўлмаган аҳолига ишга жойлаштириш учун йўлланмалар берилди. Шулардан 21 нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Шунингдек, тадбир доирасида 8 нафар фуқарога туман Бандликка кўмаклашиш маркази масъул ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуни, меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазаси юзасидан ҳуқуқий маслаҳат, тушунтиришлар берилди. 12 нафар фуқаро эса касб-ҳунарга ўқитиш марказларига касб ўрганишга йўналтирилди.
–Мен жорий йилда Иштихон тиббиёт коллежини тамомлагандим, - дейди Н.Дастамова. – Бир неча жойга иш сўраб бордим, афсуски биронтаси бўш иш ўрни йўқ экан. “Бўш иш ўринлари” ярмаркасига келганимдан хурсандман. Чунки айни мана шу ерда мен туман Давлат санитария-эпидемиология бўлимига ўз мутахассислигим бўйича ишга жойлашдим.
Бўлиб ўтган тадбир тумандаги вақтинча ишсиз, тўғри йўлдан адашган ҳамда хорижга иш излаб кетаётган ёшлар учун зарурий кўрсатма бўлиб хизмат қилди.
Ўз мухбиримиз.