Болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳимоя қилиш халқимизга хос фазилатлардан биридир. Муҳтарам Президентимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлиги самараси сифатида кейинги йилларда мамлакатимизда фарзандларимизни таълим-тарбиянинг илк босқичига қамраб олишнинг ўзига хос яхлит тизими яратилди.
Таъкидлаш лозимки, бу йил ҳам мактабгача ёшдаги болаларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ҳар томонлама баркамол, миллий урф-одатлар ва жамиятда кечаётган жараёнларга дахлдорлик ҳиссини ошириш ҳамда уларда ғоявий иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида туманимизда июнь ойи - “Бахтли болалик ойлиги” сифатида нишонланди.
Ойлик давомида мактабгача ёшдаги болалар ва уларнинг ота-оналари билан турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди, оила ва мактабгача таълими тизими ҳамкорлигида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида турли йўналишларда спорт эстафеталари, акциялар, китоб марафонлари уюштирилди.
Белгиланган режага кўра, 1-9 июнь – Болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳафталиги; 10-23 июнь – мактабгача таълим тизимида кўнгилочар тадбирлар, кўрик-танловлар ҳамда ижодий фестивалларни амалга ошириш ҳафталиги; 24-29 июнь – Болалар ўртасида оммавий спорт мусобақалари ҳамда ҳарбий ватанпарварлик тадбирларини ташкил этиш ҳафталиги ўтказилди. Бу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш орқали давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта эзгу ташаббусни тўлиқ рўёбга чиқариш борасида ҳам қувонарли ютуқларга эришилди.
- Туман миқёсида “Бахтли болалик” тадбирларини мусиқий дастурлар орқали кенг нишонланишига аҳамият қаратдик, - дейди туман мактабгача таълим бўлими мудири ўринбосари Шоира Сайфуллаева. - Жумладан бир ой давомида болажонларимиз эркин мусиқага рақс тушишди, расм чизишди, лой ва пластилинлардан турли ўйинчоқларни ясашда ҳам эркинлик берилиб, ҳар бир бола ўзининг қизиқишидан келиб чиқиб, керак бўлса ўзлари билмаган ҳолда жажжи тафаккурлари ила истеъдодларини намойиш этишди. Бу ойлик жуда қизиқарли ўтиши билан бирга мазмунли бўлди, дейишимиз мумкин. Бу ҳар бир боланинг юз-кўзларида ҳам акс этди.
-Ушбу ойлик давомида гуруҳимдаги болалар билан бирга оёқлар учидан товонга алмаштириб юрдик, турли усуллар билан сакрадик, - дейди 8-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Дилноза Синдарова. - Турли ҳажмли геометрик фигуралардан куб, цилиндр, ғишт, пластина, пирамида ва кўп қаватли уйлар қурдик. Уларнинг номларини ва белгиларини ўргандик, расмдаги сюжетни эслаб қолишга ва уни гапириб беришга ҳаракат қилдик. Жонли ва жонсиз табиатни фарқлашга, шу билан биргаликда бир ой давомида ўтказилган байрам таассуротларини қоғозда акс эттиришга ҳаракат қилдик. Ҳар бир боланинг майда қўл моторикаси, тасаввури ривожланди, эстетик безатиш, жамоа билан ишлашга ўрганди. Улар ўзининг ижодини чиройли безатди. Бир сўз билан айтганда тадбирлар болаларга ҳам, ота-оналарга ҳам байрамона кайфият, завқ бағишлади.
Дилноза ҲАСАНОВА.