Туманимизда тарихий обидалар ва узоқ тарихга эга бўлган қадамжолар ҳамда зиёратгоҳлар бисёр. Инсон бундай азиз масканларга қадам қўяр экан қалби ҳаловат топиб, руҳи покланади.
Туманимиз марказидан унча узоқ бўлмаган Қорақисмоқ қишлоғида “Қоранор ота” қабристони жойлашган. Ушбу қабристоннинг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Қабристонга киришингиз билан тут дарахтига кўзингиз тушади. Бу тут дарахтинининг ёши қишлоқ оқсоқолларининг тахминига кўра Y ёки YI асрларга бориб тақалади. Сиру синоатлар мужассам бўлган бу дарахтни зиёрат қилиш учун маҳаллий аҳолидан ташқари қўшни вилоятлардан ҳам зиёратчилар келиб туради. Тут дарахтининг шундоқ ёнгинасида катта қабр бор. Бу қабр “Авлиё ота” деб аталади. Қабр ёнидан ўтаётган кишилар тиловат қилиб ўтишади. Хўш, аслида бу қабр нима учун “Авлиё ота” қабри деб аталади? Хосиятли тут дарахтини ким эккан?
Маҳаллий халқ орасида ҳар хил ривоятлар тилдан тилга кўчиб келади. Ривоятларга кўра, Авлиё отанинг қора рангли туяси бўлган экан. Авлиё ота қайси жойга борсалар шу туядан улов сифатида фойдаланаркан. У киши туясига жуда ҳам меҳрли эканлар. Бир куни Авлиё ота шу жойдан ўтар чоғида яқин атрофдаги булоқдан туясини суғориб, ўзи ҳам дам олиш мақсадида ўтирибдилар. Ҳориб, чарчаган Авлиё отанинг кўзларини уйқу элитибди. Шу пайти боғланган туяси ерга чўкиб кетибди. Авлиё ота уйқудан турса, туяси йўқлигини кўради. Атрофни излаб, туясини топа олмайди. Туясини боғлаган жойдан эса туя шаклидаги тут дарахтининг ўсиб чиққанлигини кўради. Туясидан умидини узолмаган Авлиё ота шу тут дарахтини парваришлаб, атрофини ўраб қўйган экан. Орадан йиллар ўтиб, қазолари яқинлашган Авлиё ота ўзини шу тут дарахти ёнига дафн қилишларини васият қилган эканлар. Балки қабристоннинг “Қоранор ота” деган номи ҳам шу ривоятдан келиб чиққандир. Тут дарахти эса мева солмайди, унинг сирли томони шундаки, синган шохлари ерга тушиши билан яна кўкариб кетаверади.
-Бу ерга кўплаб зиёратчилар ташриф буюришади,-дейди қишлоқ оқсоқолларидан Р.Кўчаров. -Авлиё отани ҳар йили ободонлаштирамиз. Ён атрофини бегона ўтлардан тозалаб, зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида қишлоқ аҳолиси билан ҳашар ишларини олиб борамиз. Авлиё отамизнинг ҳақларига Қуръон оятларидан Саловатлар қилинади. Зеро, бу маскан қишлоғимиз тарихининг бир бўлаги ҳамда ота-боболаримиз мангу қўним топган муқаддас жой ҳисобланади. Уни асраш эса биз учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади.
Ислом БОБОҚУЛОВ.