Кўчамиз туман марказида жойлашган. Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба шарафига “Ғалаба” деб ном қўйилган. Болалигим ўтган уйимиз шу кўчада жойлашган. Уйимизнинг ёнида Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган Жонғабой (Янгибой) бобо ҳам истиқомат қиларди. У киши маҳалладаги болаларни жуда яхши кўрарди. Ҳар сафар уйининг олдидаги ўриндиққа келиб ўтиришини интизорлик билан кутардик. Сабаби, Жонғабой бобо урушда кўрган-кечирганларни жуда қизиқарли тарзда айтиб берарди. Биз ҳам уни маҳлиё бўлиб эшитардик.
Бир куни фашистлар пулемётидан сочилаётган ўқларга кўксини қалқон қилиб, душманни чекинишга мажбур қилган дўсти ҳақида сўзлашни бошлаганда, кўкси медалларга тўла, Жонғабой дўсти болғалилик Адирбой бобо келиб қолди ва “қўй, шу уруш даврини эслама”, деб гапини бўлди.
Жонғабой бобонинг вафотигача, ундан кейин ҳам дўстини хотирлаб келиб турадиган Адирбой бобо кейинги пайтда кўринмай қолди. Яқинда у кишини йўқлаб Болғали қишлоғига бордим...
Адирбой бобо эндигина 17 ёшга тўлганда ҳарбий хизматга чақирув олади. Энг гуллаган ёшлик чоғлари Украинада, Иккинчи жаҳон урушининг қонли жанг майдонларида ўтди. Ўлимларни доғда қолдириб, уруш тугагач, қадрдон қишлоғига қайтди.
1945 йилнинг кеч кузи. Уруш давридан қийинчилик билан қишлоқда бир бурда нон топиш учун минг бир машаққат кечиш керак бўлган пайтлар. Адирбой бобо бу қийинчиликларни ҳам матонат билан енгиб ўтиб, ҳамқишлоқларига елкадош бўлди. Қурбоной ая билан турмуш қуриб, аравакашлик қилиб, ҳамқишлоқларининг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга ҳисса қўшди.
Адирбой бободан уруш даври ҳақида сўрасангиз хўрсиниб қўяди-да, бошини сарак-сарак қилади.
– Мендан уруш ҳақида сўраманглар, оти ўчсин, эслашни истамайман, – дейди у кўзига ёш олиб. – Ёнгинамда қанчадан-қанча сафдошларим жон берган. Уларнинг барчаси туғишган ака-укаларимдек қадрдонларим эди. Жанггоҳда яраланиб чеккан азобларимдан ҳам оғирроқ дардни ҳар бир хизматдош дўстимдан айрилганимда ҳис қилар эдим. Эй, қўйинглар, ўша кунларни. Президентимиз бизни мукофотлаш бўйича яна фармон чиқарибди, барака топсин! Шу янгиликни эшитиб ўтирганимда ташқарида ёмғир томчилай бошлади. Бу қишлоғимизга, юртимизга барака ёғилаяпти, дегани. Дунёмиз тинч, ризқимиз бутун бўлсин. Шу ёмғирлар бутун олам дардини ювиб кетсин.
Адирбой бобо 96 ёшни қаршилаётган бўлса-да газета ва китобларни кўзойнаксиз ўқий олади. 8 фарзанд, 50 нафардан зиёд невара-чеваралар ардоғида яшаб келмоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ.