Муроджон Ўринов Наманган вилояти Чуст тумани Олмосовул қишлоғида туғилиб, болалигидан ерга меҳр қўйган деҳқонлардан бири. Эсини таниганиданоқ, аввал бобосидан, кейинчалик отасидан камгина ердан ҳам унумли фойдаланиш сирларини ўрганиб борди. Йиллар давомида тўпланган тажрибаси бугун унга қўл келмоқда. Ҳар бир қарич ернинг қадрига етадиган олмосовуллик Муроджон ака қарийб ўн йилдан буён баҳор ва ёз ойларини ўз қишлоғида ўтказмайди. Бошқа ҳудудларда фермерлар билан шартнома қилган ҳолда деҳқончилик қилади ва 4-5 ой давомида пешона тери билан топган 100 миллион сўмга яқин даромади билан қишлоғига қайтади.
Масалан бу йил у турмуш ўртоғи ҳамда бир ўғил, бир қизи билан туманимизда “Сарварбек наслли чорвалари” фермер хўжалиги аъзоларига 15 гектар ер майдонида деҳқончилик қилишга кўмаклашмоқда.
- Қишлоғимиз Олмосовул аҳолисининг 70 фоизи деҳқончилик билан шуғулланади, - дейди М.Ўринов. – Ҳар бир қарич ер биз учун жуда қадрли. 8 йил Қозоғистонда деҳқончилик қилдим. Бу йил мана Қўшработга келдик. Бу ерда Қозоғистондагидан ҳам кўп бўш ётган ерларни кўриб ҳайратландим. Фермер Боймуҳаммад Тойиров билан келишган ҳолда янги барпо этилган токзорида ниҳоллар орасига полиз ва дуккакли экинлар экдик. Қовун-тарвуз ва бошқа маҳсулотлар ҳосилидан олинадиган даромадни тенг иккига бўлиб оламиз. Бу ерда оладиган даромадимиз келаси йил ҳосил йиғиштириш пайтигача рўзғорни тебратишга, бир тўй ўтказиш ва автомашина сотиб олишга етади насиб этса.
Қўшработликлар азалдан узум етиштириш билан шуғулланиб келган. Аммо ток кўчатлари орасига бошқа маҳсулотлар экиб, янада кўпроқ даромад қилишни наманганликлардан ўрганмоқда.
- Тўғри, Қўшработда ток парвариши бўйича уста деҳқонлар талайгина, - дейди Муроджон ака. – Аммо яқин йилларгача ток ҳосилга киргунга қадар уч-тўрт йил давомида катта-катта ер майдонларидан самарали фойдаланилмаган. Токлар орасига бошқа экинлар экилиши ҳам катта даромад келтиради, ҳам ерга ишлов берилиши натижасида ниҳоллар яхши парваришланади. Бугунги кунда бундай усуллардан фойдаланувчилар сафи кенгайиб бормоқда. Қўшработда ер кўп. Ундан самарали фойдаланишни билиш керак, холос.
Қовун-тарвуз етиштирилаётган майдон негадир бегона ўтлардан тозаланмаган. Бунинг сабаби ҳақида деҳқон Муроджон Ўриновдан сўраганимизда у шундай жавоб берди:
- Биз экин эккан майдонлар дашт ҳудуд ҳисобланади. Қуёш нури тарвузнинг бир тарафини сарғайтириб қўйса, унинг сифати бузилади. Айниқса, саратонда гармсел, яъни иссиқ шамол тез-тез эсиб туради. Бегона ўтлар эса иссиқ шамол ва қуёш нуридан ҳимоя қилади.
Айни кунларда Наманган вилоятидан 70 дан зиёд деҳқон оиласи билан қўшработликларга яқиндан кўмаклашмоқда.
Т.СИДДИҚОВ.