Чорвачилик – қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири. У муҳим озуқа маҳсулотлари – сут, гўшт, тухум, асал, балиқдан олинадиган оқсил моддасининг манбаи ҳисобланади, саноат ишлаб чиқариши ва қайта ишлаш саноатини сут, гўшт, тери, жун, пилла ва бошқа хомашёлар билан таъминлашга, ўсимликлар учун органик ўғитлар тайёрлаб беришга хизмат қилади.
Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини таъминловчи асосий тармоқ ҳам чорваичлик бўлиб, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг 42,2 фоизини ташкил этади.
Республикамизда ҳурматли Юртбошимиз раҳнамоликларида чорвачиликни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши соҳани ривожлантиришда катта аҳамиятга эга.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳар бир ҳудуд шароити ва имкониятидан келиб чиқиб, ўша ерга мос келадиган иқтисодий лойиҳаларни жойлаштириш, бунинг учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиш лозимлигини таъкидлаганди. Хусусан, Қўшработ туманига хориждан наслли қўй ва эчкилар келтириш, зотини кўпайтириш, ҳудудда наслчилик ишларини ривожлантириш борасида топшириқ берилганди. Мазкур топшириқлар асосида туманга наслли қўй ва эчкилар келтирилиб, иқлимга мослаштирилмоқда. Жумладан, жорий йилда кредит маблағлари ҳисобига “Чорбулоқ” фермер хўжалиги томониан 50 минг АҚШ долларига 250 бош, “Булоқбоши дурдонаси” фермер хўжалиги томонидан 32 минг АҚШ долларига 160 бош, “Сарварбек наслли чорвалари” фермер хўжалиги томонидан 66 минг АҚШ долларига 660 бош, “Пичот тоғлари” фермер хўжалиги томонидан 14 минг АҚШ доллариа миқдорида 140 бош Қозоғистон Республикасидан наслли қўйлар олиб келиниб, парвариш қилинмоқда.
Шунингдек, тумандаги таъминотчи корхоналар томонидан 3 минг бош “Ҳисори” зотли наслли қўйлар келтирилиб, “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури доирасида аҳолига тарқатилмоқда. Зотдор қўйларни иқлимга мослаштириш, улардан сифатли насл олиш учун келтирилган чорва моллари учун ветеринар врачлар бириктирилди.
Наслли қўйлар гўшт ва тери етиштиришда энг катта маҳсулдорликка эга. Асосийси, бу чорва моллари иқлим ва ҳудудга тез мослашади, кам озуқа билан ҳам тез ривожланади, наслчилик борасида бошқа чорва молларидан самаралироқ ҳисобланади. Бундан ташқари, эчки ва қўйчиликни ривожлантириш гўшт, сут, тери етиштириш хўжаликларга каттагина иқтисодий фойда келтиради. Шу мақсадда тумандаги “Эшниёз Турсунов” фермер хўжалиги Қозоғистондан 20 минг бош “Ҳисори” зотли қўй келтириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйди.
Бу лойиҳаларнинг амалга ошиши нафақат туман, балки вилоят миқёсида сифатли гўшт ва тери хомашёси ишлаб чиқарувчи йирик мажмуа яратилишига замин яратади.
Ж.СУЛАЙМОНОВ,
Агроинспекциянинг туман бўлими ходими.