Инсоннинг яшаётган умрини, ортда қолдираётган ҳар бир лаҳзасини фақатгина узун йиллар эмас, ундаги мазмун ва ибрат ифода этади аслида. Шундай инсонлар борки, яшаган ва яшаётган умри ҳавас қилишга арзийди. Ҳаётининг энг гуллаган даврларини элу-юрт учун ҳалол хизмат қилишга сарфлаган ана шундай инсонлардан бири Нурлибой бобо Эшмирзаевдир.
Нурлибой бобо 1931 йилнинг 20-февралида туманимизнинг “Жўш Ота” маҳалласида оддий деҳқон оиласида таваллуд топган. Болалиги қонли уруш йилларига тўғри келган бобони ҳам қийинчилик ва турмушнинг оғир синовлари четлаб ўтмади. Ўспиринлик чоғларини колхозда қўш қўшиш, шудгорга мола босиш, табельчилик каби юмушлар билан ўтказди. Аммо илмга чанқоқлик, меҳнатсеварлик, зеҳни ўткир бўлган Нурлибой бобони олийгоҳга етаклади.
Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатган Нурлибой бобо Самарқанд тиббиёт институтининг талабасига айланди. Афсуски, терлатма касаллиги туфайли бир йиллик таҳсилдан сўнг олийгоҳда ўқишни давом эттира олмайди. Касаллик туфайли Нурлибой бобо уйида олти ой тўшакка михланиб қолади. Тинимсиз равишда даволанишлар, врачларнинг кўрсатмалари билан касалликдан аста-секин фориҚ бўлади. Касалликдан тузалгандан кейин “Жўш МТС” ташкилотига иқтисодчи бўлиб ишга киради.
Билимга чанқоқлик Нурлибой бобони яна илм олишга ундайди. Дастлаб Тошкент молия техникуми, сўнгра Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, қишлоқ хўжалик институтларини сиртқи бўлимда ўқийди.
Нурлибой бобо Эшмирзаев 50 йиллик меҳнат фаолиятини ҳисобчилик касбига бағишлайди. Кўплаб ташкилотларда иқтисодчи, ҳисобчи бўлиб ҳалол меҳнат қилади. Нурлибой бобо 1994 йилнинг январ ойида нафақага чиқади.
Бобонинг орден-медаллари ҳам бир талай. Фронт ортидаги хизматлари учун мамлакатимиз ҳамда Россия Федерацияси томонидан фашизм устидан қозонилган Ғалабининг 50, 70, 75 йиллиги кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Яқинда Нурлибой бобони яна бир хабар қувонтирди. Ярим асрлик ҳалол меҳнати сабабли бобо Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг “Меҳнат фахрийси” 2-даражали кўкрак нишони билан мукофотланди.
- Меҳнат фаолиятим давомида ҳеч ҳачон ҳалолликни унутмадим. Меҳнатсеварлигим туфайли касбдошларим орасида ҳам обрў-эътиборга эга бўлдим. Мана шунча йиллик хизматларим ўз мевасини берди. Ҳалолликда барака бор,-дейди Нурлибой бобо.
Ҳа, дарвоқе, Нурлибой бобо ҳозирда 92 ёш бўлишига қарамай ҳали анча тетик, томорқа ишларида набираларига ўзи бош-қош. Турмуш ўртоғи Шаҳраван момо билан 11 фарзандни ўзи каби ҳалол, эл корига ярайдиган мутахассислар қилиб тарбиялади. Ҳозирда Нурлибой бобо 45 нафар невара ҳамда 12 нафар эвараларнинг ардоқли бобожонисидир.
Ислом БОБОҚУЛОВ