Халқимиз умрни оқар дарёга ўхшатишади. Ажойиб савдо ходими, эл-юрт хизмати учун доимо камарбаста бўлиб келган инсон Абдурашид ака Сайфуллаев 70 ёшини қаршиламоқда.
Абдурашид ака Сайфуллаев 1949 йил 16 ноябрда Қўшработ тумани, Болғали қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни битиргач 1966 йили туман марказидаги 82-умумтаълим мактабида лаборант бўлиб ишга киради. Орадан бир йил ўтгач олий маълумот олиш орзуси амалга ошади, Самарқанд кооператив институти талабаси бўлади. Институтни битиргач, дастлабки иш фаолиятини Каттақўрғон шаҳар савдо корхонасида товаршуносликдан бошлайди. Шу давр мобайнида Абдурашид ака икки йил ҳарбий хизматда бўлади.
Ҳарбий хизматдан қайтиб келгандан кейин Абдурашид ака 1972 йилдан то 2009 йилгача туман савдо ташкилотларида савдо ходими, раис ўринбосари, жамият раиси лавозимларида фаолият олиб боради ва ҳурмат-эҳтиром билан нафақага кузатилади.
Пенсияга чиққандан кейин ҳам Абдурашид ака тиниб-тинчиб ўтиргани йўқ. 2012 йилда “Бегам бобо” фермер хўжалигини очиб, ўзи бош-қош бўлиб турибди. Фермер хўжалигида етиштирилган ноз-нематларни болалар боғчаларига, таълим муассасаларига етказиб бермоқда.
У киши бир умр савдо корхоналарида ишлаб халқнинг хизматида бўлиб келган, юрт ташвиши билан яшаган, боз устига жуда саховатли инсондир. Юксак эътибору ҳурматни ўзининг эзгу амаллари, гўзал фазилатлари туфайли топган. Савобли ишларни қилиб турмаса юраги тинчимайди, кўнгли жойига тушмайди. Байрамлар арафасида кам таъминланган оилалар, кексалар, ногиронларга совға-саломлар улашиш, бир пиёла чой устида кўнглини шод этиш каби тадбирларда доимо ўз ҳиссасини қўшади.
Шунингдек, Абдурашид ака Сайфуллаев ҳар йили Самарқанд шаҳридаги имконияти чекланган болалар мактабига ҳомийлик қилади. У ерга фермер хўжалигида етиштирилган ноз-неъматлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ҳадя этади.
-Кўп йиллардан буён бундай ишларни қилиб келаётганимдан хурсанд бўламан, уни сўз билан ифода этишим қийин. Бундай даргоҳга қанча хизмат қилсак камлик қилади. Ахир, ҳеч бир инсон ўзини болаларсиз, уларнинг бахту саодати учун хизмат қилишсиз яхши тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, имконияти чекланган фарзандларга меҳр-мурувват кўрсатишнинг аҳамияти, савоби беқиёс,-дейди Абдурашид ака Сайфуллаев.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Абдурашид Сайфуллаев ўзи истиқомат қиладиган Болғали қишлоғидаги 5-умумтаълим мактабини оталиққа олганига ҳам кўп йил бўлди. Китоб, ўқув қуроллари ҳадя этиб туришдан ташқари аълочи, фаол ўқувчиларни моддий-маънавий раҚбатлантириб келмоқда.
Абдурашид ака турмуш ўртоғи Јурбон момо Сайфуллаева саккиз нафар ўғил-қизни вояга етказишди. Уларнинг барчаси олий маълумотли бўлиб, турли жабҳаларда хизмат қилмоқда
Саховатпешаликнинг ўзи ҳам улуғ иш, юксак инсоний фазилат. Бундай инсонлар ҳамиша эл-юрт эътиборида, ҳурматда бўлади. Табаррук 70 ёшини нишонлаётган Абдурашид акага узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, ишларига ривож тилаб қоламиз.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.