Ўтган йилдан бошлаб, қабул жараёнларига киритилган энг катта ўзгаришлардан бири, бу - абитуриентларга бир нечта ОТМларга ҳужжат топшириш имконининг яратилгани бўлди. Ўтган йили ушбу жараёнларни амалиётдан ўтказиб олишди ва анча-мунча маълумотга эга бўлишди.
Шундай бўлсада, яна бир марта учта йўналишни танлаш тартиби ҳақида қисқача тушунтирмоқчиман.
Абитуриентлар ҳужжат топшираётган пайтда, 3та йўналишни устувор кетма-кетликда белгилайди.
Яъни биринчи, иккинчи ва учинчи йўналиш сифатида қайси ОТМларни танлаганини олдиндан белгилашади.
Бундай вазиятда абитуриент устувор йўналишга кира олмаган тақдирдагина кейинги йўналишда омадини синаб кўриши мумкин. Агар хоҳ контракт, хоҳ грант бўлсин, устувор йўналишга тўплаган бали етса, унда кейинги йўналишлар учун баллари ҳисобга олинмайди ва танловда иштирок эта олмайди.
Ортиқча саволлар бўлмаслиги учун, мисол тариқасида тушунтираман.
Айтайлик, фарғоналик абитуриент тарих йўналиши бўйича қуйидаги кетма-кетликда ОТМларни танлади дейлик:
1-йўналиш: ЎзМУ
2-йўналиш: Шарқшунослик университети
3-йўналиш: ФарДУ
Абитуриент тест синовларидан умумий 150 балл тўплади, дейлик. Бу балл ЎзМУга контракт, ТДШУ ва ФарДУга эса бюджетга етарли бўлса, унда абитуриент қайси бирини танлаши мумкин? Шарқшуносликнинг бюджетини танласа бўладими?
Йўқ, бўлмайди! Бундай вазиятда абитуриентда танлов имконияти йўқ, у устувор йўналиш сифатида 1-ўринда ЎзМУни белгилагани учун, шу ернинг контрактига кирган ҳисобланади, қолган 2та йўналиш инобатга олинмайди. Қачонки у ЎзМУга етарли балл тўплай олмасагина, кейин Шарқшуносликка ўтилади. Агар абитуриент бали ЎзМУ ва Шарқшуносликка ҳам етарли бўлмаган тақдирдагина, кейин ФарДУ инобатга олинади.
Яъни устувор ОТМга кира олмасагина, балл кейингисига ўтади. Агар устувор ОТМга етарли балл тўпладими, тамом, у хоҳ бюджет, хоҳ контрактга кирган бўлсин, кейинги ОТМларга инобатга олинмайди, шу ерда тўхтайди.
Хулласи калом, абитуриентга танлов имконияти ҳужжат топшириш вақтида берилади. Ўша пайтда у ОТМлар рўйхати ва уларнинг кетма-кетлигини тўғри танлаши керак, тест ўтгандан кейин унда танлов ёки ўзгартириш имкони бўлмайди.
Жорий йилда қабул жараёнлари онлайн бўлишини инобатга олсак, абитуриентлар йўналиш танлаётганда масъулият билан ёндошишлари керак бўлади.
Хушнуд Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер