Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда чорва моллари наслини яхшилаш асносида сифатли гўшт ва гўшт маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Туманимизнинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган энг муҳим йўналишларидан бири бу чорвачилик тармоғидир. Бу борада зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани чорвадорларга қўл келмоқда. Айни шу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларда озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгилаётгани чорвага меҳр қўйган туманимиз фермерларининг қизиқишини янада оширишга хизмат қилаётир.
Яқинда “Нурли замин қушхона” фермер хўжалиги қошида умумий қиймати 2,5 миллиард сўмлик чорвачилик комплекси ташкил этилди.
- Туманимиз азал-азалдан чорвадорлар юрти саналади,-дейди фермер хўжалиги раиси Зафар Аҳмедов. -Бунга тумандаги ўзига хос шароит ва имконият ҳам мавжуддир. Яқинда фермер хўжалигимизда гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида 800 миллион сўмлик банк кредити маблағидан фойдаланган ҳолда 100 бош маҳаллий зотдор қорамолларни олиб келдик. Натижада фермер хўжалигимизда яна бешта иш ўрни яратилди.
Бундан ташқари тадбиркор туман аҳолисига ойига сифатли беш тонна гўшт маҳсулотларини етказиб беришдан ташқари, иссиқхона ҳам ташкил этмоқчи. Бундан кўзланган мақсад туман аҳолисига гўшт ва сут маҳсулотларидан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ҳам қондиришдир.
Ислом БОБОҚУЛОВ.