Жорий йилда қиш мавсуми мамлакатимизда совуқ кунлар билан бошланди. Бу эса хоналарни иситишда аҳолига, шунингдек корхона ва ташкилотларда иссиқликка бўлган эҳтиёжни оширади. Натижада иситиш печлари, табиий газга бўлган бўлган эҳтиёж сезилади. Афсуски, кўпчилигимиз бундай пайтларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишни эсдан чиқарамиз. Иситиш печлари, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш натижасида ёнғин содир бўлишини ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз.
Жорий йилда туманимиз ҳудудида 38 та ёнғин содир бўлган. Ёнғинларнинг асосий қисми аҳоли яшаш хонадонларида иситиш печларининг тутун тортиш йўлларининг носозлигидан, электр симларини қоида асосида монтаж қилинмаслиги, газ ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, ёш болаларни олов билан ўйнаши ва бошқа сабаблардан содир бўлган.
Мана яқинда янги йил - 2021 йилни қарши оламиз. Бу пайтда кўпчилик аҳоли хонадонларида чиройли қилиб арча безатилади. Бу жараёнда аҳолимиз ҳар хил электр гирляндлардан фойдаланмаслик, безатилган арчага турли хилдаги пахта маҳсулотлар ва матохлардан ясалган ўйинчоқларни осмаслик, вақтинчалик ўтказилган электр симлардан фойдаланмаслик, носоз электр розеткаларга ўрнатмасликни эслатиб ўтамиз.
Корхона, ташкилот ва муассасаларда янги йил арчаси бинонинг ҳовлисига ўрнатилиши, арча байрами кунлари навбатчилик ташкил этилиши, бирламчи ёнғин ўчириш анжоми билан таъминланиши, пиротехника воситаларидан, очиқ оловдан фойдаланишига йўл қўймаслик зарурдир. Хонада электр таъминотини “Электр ускуналарини ўрнатиш” қоидалари талаблари асосида ўрнатиш, ёнғин ўчиришга мўлжалланган сув ҳавзалари, ички ёнғин ўчириш кранларининг созлиги, бирламчи енг ва дастаклар билан таъминланган бўлишига, ёнғин ўчириш автомобиллари бориш йўлларини мавжудлигига, созлигига, телефон алоқаси мавжудлиги ва созлигига, биноларининг ёғоч қисмларини кимёвий суюқлик билан қайта ишланган бўлишига ва бошқа ёнғинга қарши тадбирлари амалга оширилган бўлиши керак.
Демак, янги йилни беталофат ва хурсандчилик билан ўтказиш учун юқорида кўрсатилган ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилсак, содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олган бўламиз.
Т.ШАКАРОВ,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари.