Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари кунига икки марта, куннинг салқин пайтлари Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларидаги стадионларда ташкил этилади. Биринчи смена соат 8-10 оралиғида, иккинчи смена соат 17-19 оралиғида режалаштирилган. Тест имтиҳонларини тахминан 12-14 кунда якунлаш кўзда тутилган.
Бу лойиҳа ҳар томонлама энг оптимал ечимдир. Ёпиқ бинолардан кўра, очиқ майдонларда вирус тарқалишининг олди олиниш самараси юқорироқ.
Тест синовларига 2 соат вақт ажратилади. Жумладан, ўтган йиллари тест синовлари катта павильонларда 3 та сменада бўлган эди. Жорий йилда эса стадионларда 2 та сменада тест ўтказилади.
Иккита фандан 60 та тест саволларига жавоб топиш учун абитуриентларга 2 соат вақт бериладиган бўлди. Шунда 1-смена 08:00 да бошланса, 10:00 да тамом бўлади, 2-смена эса 17:00 да бошланиб, 19:00 да тугайди. Соат 10 дан 17 гача стадионда ҳеч ким бўлмайди.
Абитуриентлар махсус дезинфекцион йўлакдан ўтади, уларга тиббий ниқоб берилади ҳамда антисептик воситалар ишлатилади. Шунингдек, стадионда бўлаётганлигини инобатга олиб, абитуриентларга оқ бош кийим (кепка) тарқатилади.
Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими.