Пандемия шароитидан келиб чиқиб, жорий йил абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш Давлат тест марказининг онлайн рўйхатдан ўтиш тизими, ягона интерактив давлат хизматлари портали ва белгиланган ҳудудларда давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди. Самарқанд вилоятидаги 9 та олий таълим муассасасига 139874 нафар абитуриентдан аризалар тушди. Бу ўтган йилгидан 22 мингдан зиёдни ташкил қилади. Абитуриентлар томонидан рўйхатдан ўтишда биринчи ОТМ сифатида энг кўп танланган олий таълим муассасалари рўйхатида Самарқанд давлат университети - 75 минг 325 нафар абитуриент ҳужжат топширган ҳолда биринчи ўринда турибди.
2020-2021 ўқув йили қабули тест синовларида фойдаланиш учун Самарқанд шаҳридаги Даҳбед, Рудакий ва Ибн Сино кўчалари кесишмасида жойлашган СамДУ академик лицейи спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуасининг 4 та ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежи спорт зали танланган.
Бугунги кунда ушбу спорт мажмуаларида карантин қоидаларини эътиборга олган ҳолда (ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан кам бўлмаган) бир сменада, 71 та гуруҳда 2130 нафар абитуриентга мўлжалланган бир кишилик стол-стуллар, ҳавонинг мўътадиллигини таъминловчи катта сиғимли кондиционерлар, санитария-гигиена воситалари билан таъминланди.
Тест синовлари ўтказиладиган ҳар бир бинони тайёрлашда, ҳудудга ва бинога киришда дезинфекцион туннеллар ўрнатиш, ёруғликнинг тушиши, бинони шамоллатиш, абитуриентларни тик тушган қуёш нуридан ҳимоялаш имкониятлари ҳисобга олинди.
Абитуриентларнинг ҳудудга киришда тана ҳарорати ўлчанади. Агар ҳарорати 37 даражадан ошмаса, ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланган ҳолда бинога киришга рухсат берилади. Ҳар бир абитуриентга тест синовлари жараёнида 0,5 литр ичимлик суви, кўк рангли шарикли ручка берилади.
Ҳозирда жорий йилнинг 1 августига қадар карантин чекловлари белгиланган. Карантин чекловлари бекор қилинганидан ёки юмшатилганидан кейин давлат комиссияси қарори билан кириш тест синовларини ўтказиш режалаштирилган.
Воҳид СИРЛИБОЕВ,
Давлат тест маркази вилоят бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи.