Хабарингиз бор, биз 3 та сценарий бўйича ишлаётган эдик: 1) анъанавий мактабни очиш, 2) онлайн мактаб орқали ўқитиш ва 3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий ҳам онлайн. Телеграм орқали деярли 1 млн. фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70% ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30% эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган.
Шунинг учун, аҳолини кўпроқ қатламини рози қилишни инобатга олиб, фақат 3-сценарий, яъни ота-оналарнинг ўзларига танлаш ҳуқуқини бериш энг оптимал вариант бўлиб турибди.
Бир томондан, интернетда баъзи давлатларда мактаблар очилиб, касаллик кўпайиши натижасида қайтадан ёпилгани, болалар ўзи кучли касалланмасада, катталарга қараганда кучлироқ вирус ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалаяпти.
Иккинчи томондан, бу вирусдан яқин орада қутилмаслигимизни, вакцина ишлаб чиқилган тақдирда ҳам уни барча ҳавфсизлик синовларидан ўтказишга ва ишлаб чиқариб бизга етиб келишига анча вақт кетиши ҳам аниқ. Шунга, ушбу вақт даврида фарзандларимиз билим олишдан орқада қолиб кетмасликлари зарур.
Карантин қоидаларининг юмшатилиши касаллик ҳолатларининг ортишига олиб келиши мумкинлиги, уларни даволашга ҳам қўшимча вақт талаб этилиши кераклиги ҳамда ўқиш бошланишидан аввал уларни даволаб, камайтириш муҳимлиги каби факторларни инобатга олиб экспертлар фикридан келиб чиқиб, бу йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилди.
Шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган. Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талаблар ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминланиш чоралари кўрилиш керак бўлади.
Шу сабабли, бугун-эрта барча мактабларда ота-оналардан сўровномалар ўтказилмоқда. Бизга ҳар бир ота-онанинг фикри муҳим. Илтимос, ушбу сўровномада фаол қатнашинг! Пандемия шароитидан келиб чиқиб, айнан сизнинг фарзандингиз мактаб очилганда мактабга бориб ўқийдими ёки уйдан онлайн ўқийдими деган саволга фақат сиз жавоб бера оласиз! Бизга эса бу сўровномалар барча мактаблар кесимида аниқ, объектив ҳолат бўйича маълумотни йиғишга имкон беради.
Мактаблар қайта очилиши, таълимни аралаш кўринишда ташкил этиш, албатта, мактаб жамоасига қўшимча масъулият ва вазифалар юклайди. Шунинг учун, ушбу жараёнларда, ҳурматли ота-оналаримиздан, педагоглар меҳнатини ҳам қадрлашларини сўраб қоламиз!
Иловадаги Халқ таълими вазирлигининг расмий мурожаатини кенгроқ аҳолига етказишда ёрдамингизни аямайсиз деб умид қиламиз.