Жорий йилнинг 21 июль куни Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида таълим, фан ва маъданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Мамлакатимизда пандемия туфайли конференция ZOOM дастури орқали онлайн шаклда ўтказилди. Унда 37 нафар делегатлар тўлиқ қатнашдилар.
Дастлаб таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси раиси А.Тўхтаровнинг 2015-2020 йилларда амалга оширган ишлари юзасидан ҳисоботи эшитилди. Сўнгра тафтиш комиссиясининг ҳисоботи, туман кенгаши таркиби, тафтиш комиссияси ҳамда вилоят конференциясига делегатлар сайлови масалалари кўриб чиқилди.
-Касаба уюшмаси мустақил ташкилот сифатида ўз аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий ва хуқуқий манфаатларини ҳимоялашга янгича ёндашув йўллари устида изланиш олиб борди, - деди ўз ҳисоботида уюшманинг амалдаги раиси А.Тўхтаров. -Ўтган давр мобайнида ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий, меҳнат муҳофазаси, маданий-маърифий йўналишларда олиб борилаётган ишлар мазмунан ва шаклан такомиллаштирилди. Меҳнат фахрийлари, хотин-қизлар, ёшлар, болаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, таълим ходимлари ва уларнинг оила аъзолари ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соҚлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш, туризмни йўлга қўйиш йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Конференцияда туман кенгаши раиси, раис ўринбосари ва раёсат аъзоларини сайлаш масалалари кўриб чиқилди. Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгаши раислигига яна кўпчилик овоз билан амалдаги раиси А.Тўхтаровга ишонч билдирилди ва келгуси беш йилга сайланди.
Ҳисобот-сайловда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ислом БОБОҚУЛОВ.