Бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устиворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Ўтган йиллар давомида судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича олиб борилган ишларимизни юқори босқичларга етказиш, шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни назарда тутади.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этилиши халқаро стандартларга асосланган бўлиб, суд тизими бошқаруви самарадорлигини ошишига хизмат қилади.
Президент Фармонидаги суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиниши, жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгиланиши, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритилиши, бундан ташқари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши, апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилиши, прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганилиши, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этиши истисно этилганлиги одил судловга эришиш йўлидаги яна бир қадам десак муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари, юқорида келтирилган ҳолатларни Фармон билан аниқ белгилаб қўйилиши суднинг нуфузини ошишига, судга мурожаат қилаётган ҳар бир шахс ёки ташкилотнинг унга нисбатан муносабатини ўзгаришига олиб келади.
Хулоса қиладиган бўлсак, ушбу Фармон халқимиз осойишталигига эришиш йўлидаги қилинаётган суд-ҳуқуқ соҳасида қилинаётган ишларимизнинг мантиқий давоми бўлиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни таъминлаш, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга, суд тизимини амалдаги тузилишини халқаро стандартларга мувофиқлаштиради.
Навбаҳор ТУРСУНОВА,
Иштихон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.