ҚЎШРАБОТ ТУМАНИНИНГ 2020 ЙИЛГИ МАҲАЛЛИЙ БЮДЖЕТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) мувофиқ, 2020 йилдан бошлаб Халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллий бюджетларни бошқаришда эркинликлар берилиб, солиқлар ва йиғимлар бўйича ставкаларини белгилаш, маҳаллий бюджет харажатларини ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчилар кесимида тасдиқлаш ва уларнинг Кенгаш олдидаги ҳисобдорлигини белгилаш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.
Мазкур Қонуннинг 18-моддасига асосан туманнинг 2020 йилги маҳаллий бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:
1. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг “Самарқанд вилояти 2020 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Қўшработ тумани (кейинги ўринларда туман деб юритилади) бюджетига Самарқанд вилояти бюджетидан ажратилган:
тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 34 933 164,0 минг сўм миқдорида тасдиқланганлиги, бунда тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман маҳаллий бюджети даромадлари прогнозининг ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги қонунда белгилаб қўйилганлиги;
туман бюджетининг айланма касса маблағи 1 006 203,0 минг сўм миқдорда белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши қарорига асосан 2020 йилда:
а) қуйидаги солиқ турлари туман бюджетига тўлиқлигича ўтказиб берилади:
жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришидан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғи;
сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқ мустасно;
қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, бундан цемент хом ашёси ва цемент ишлаб чиқаришда фойдаланадиган оҳактош мустасно;
б) қуйидаги солиқ турлари ва бошқа тўловлар вилоятнинг вилоят бюджети ҳамда туман маҳаллий бюджети ўртасида тақсимланади:
жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тушумларнинг (жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан олинадиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўланадиган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган даромад солиғидан ташқари) 50 фоиз миқдорида туман бюджетига;
фойда солиғидан тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилар, Ўзбекистон Республикасида доимий фаолият олиб борувчи муассаса орқали фаолият юритувчи Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан, шунингдек норезидентларнинг тўлов манбаида ушлаб қолинадиган даромадларидан тўланадиган фойда солиғидан ташқари) 50 фоиз миқдорида туман бюджетига.
Мобил алоқа хизмати ва алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво учун акциз солиғидан тушумлар тегишли равишда 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра туман аҳолисининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилиши маълумот учун қабул қилинсин.
3. 2020 йил учун туман бюджети даромадлар прогноз кўрсатгичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
4. Туман бюджетидан 2020 йилги ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган ҳаражатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. 2020 йил учун туман бюджети захира жамғармаси ҳажми 1 324 995,0 минг сўм миқдорида белгилансин.
6. Туман ҳокимлиги:
ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида молиявий ҳисоботларни ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;
Қонуннинг 24-моддасига асосан тегишли равишда ҳудудий бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар бўйича ҳисоботларини Кенгашга киритилишини таъминласин;
бюджет даромадлари ва харажатлари кўрсатгичларининг бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўриш, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши учун туман Кенгашига доимий равишда маълумот киритиб борсин;
Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларнинг оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
8. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари доимий комиссияси ҳамда туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.
А.ТЎХТАРОВ,
халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши сессиясининг раиси.
2020 йил 5-февраль.