Навоий кон-металлургия комбинатининг жанубий кон бошқармаси Зармитан саноат майдонидаги “Ғужумсой” конига қарашли “6-Г” тик лаҳм шахтаси фойдаланишга топширилди.
Шуниси диққатга сазоворки, бу кон мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида қурилган ва фойдаланишга топширилган шу хилдаги биринчи иншоат ҳисобланади. Мазкур шахта қурилиши “Зарафшон” қурилиш бошқармаси томонидан бошланиб, ушбу иншоатга 2015 йилда Россиянинг “Бошқирдистон шахта лаҳм ўтиш бошқармаси” акционерлик жамияти жалб этилган.
Россиялик бу ҳамкорлар асосий ишга 2016 йилда киришдилар ва қисқа фурсат - икки йил ичида мазкур шахтани юқори сифат билан қуриб битказдилар.
-Мазкур объект қурилишида Ўзбекистонда ва Хитой, Россия каби хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган энг замонавий жиҳозлар ва асбоб ускуналардан фойдаланилди,-дейди “Бошқирдистон шахта лаҳм ўтиш бошқармаси” директорлар кенгаши раиси Владимир Коляда. –Бу тик лаҳм шахтаси ер остидан ер устига олиб чиқишга мўлжалланган.
- Бу чуқурлиги 500 метр, айланаси 6 метр бўлган шахта рудани юқорига кўтариб чиқиш ва 2019 йилда “Ғужумсой” конини 550 минг тонна ҳажмдаги лойиҳа қуввати даражасига чиқиш имконини беради,-дейди Навоий кон металлургия комбинати бош директори, “Ўзбекистон қаҳрамони” унвони соҳиби Қувондиқ Санақулов. –Ушбу янги шахта ишга тушганлиги муносабати билан 30 нафар янги иш ўрни яратилди. Лойиҳа қиймати 22 миллион АҚШ долларга тенг бўлган ана шу шахта мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида катта ўрин тутади.
Бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатида 65 минг киши ишлайди. Келгусида, яьни, яқин йилларда бу кўрсатгич 90 минг нафарга етади.
Шу куни янги шахтанинг очилиш маросимида меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ кончилари Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, кончиларга “Президент совғаси” - икки дона “Тез тиббий ёрдам” машинаси топширилди. Янги шахтанинг очилиш маросими Зармитан саноат майдонидаги Мустақилликнинг 27 йиллик байрами тантаналарига уланиб кетди. Бу ерда таниқли саньаткорлар иштирокида куй-қўшиқ янграб, дилрабо рақслар ижро этилди. Она-Ватанни, дўстликни, меҳр-муҳаббатни, аҳилликни, садоқатни улуғловчи тароналар янгради.
Тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,