Мамлакатимизда барча соҳада бўлгани каби қўриқлаш тизими ҳам замон билан ҳамнафас ривожланиб бораётир. Бугунги кунда замонавий қўриқлаш ва хавфсизлик воситаларини ҳаётга тадбиқ этиш ишларига алоҳида эътибор қартилмоқда. Бунинг натижасида қўриқлаш хизмати сифати ва самарадорлиги тубдан яхшиланиб, шахсий таркибнинг жанговар ва касб тайёргарлиги ортиб бормоқда.
Албатта, жиноятга жазо муқаррарлиги, қонун устуворлиги таъминлангани яхши. Аммо ҳар қандай дардни даволашдан кўра олдини олган минг карра афзал. Кўпчиликка аён бу тамойилга қатъий риоя қилиш бошқа жиноятлар қатори ўғирликнинг ҳам пайини қирқиш ва камайтиришнинг муҳим шартлари сирасига киради. Шу боисдан ҳам туман Қўриқлаш бўлими томонидан турли ташкилот-корхоналар, муассасалар иншоотларни, фуқаролар хонадонларини, уларнинг мулкларини, моддий бойликларини муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратилаяпти.
Қўриқланаётган халқ хўжалиги масканларида замонавий ёнҚиндан огоҳлантириш ва видеокузатув мосламалари ўрнатилган. Шу билан бирга, бўлим автомобиль техникаси, алоқа воситалари, замонавий компъютер жиҳозлари билан таъминланган. Буларнинг барчаси, шубҳасиз масканларнинг ишончли қўриқланишида қўл келмоқда.
Бўлим раҳбарияти томонидан ходимлар ўртасида якка тартибдаги тарбиявий ишларга алоҳида эътибор берилаётгани, уларнинг ота-оналари ва турмуш ўртоқлари билан суҳбатлар ўтказилаётгани яхши натижа бераяпти. Жамоадаги ахлоқий-руҳий муҳитни яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар хизматдаги муваффақиятлар омили бўлмоқда. Юқори кўрсатгичларга эришган ходимлар моддий рағбатлантирилмоқда.
Бўлим ходимлари зиммаларидаги вазифани бекаму-кўст адо этиш баробарида туман ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳам муносиб ҳисса қўшишаяпти. Турли соҳавий хизматлар билан бирга ўтказилиб келинаётган “Арсенал” тадбири давомида ходимлар томонидан олиб борилган ташвиқот ишлари натижасида “Зармитан” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро И.А. уйида сақлаётган ноқонуний ов қуролини ўз ихтиёри билан туман ички ишлар бўлимига олиб келиб топширди.
Умуман олганда, бугунги кунда ходимларимиз давлатимиз ва халқимиз бойликларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш орқали мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга астойдил ҳаракат қилишмоқда.
Н.БОБОМУРОДОВ,
туман Қўриқлаш бўлими отряд командири, катта лейтенант.