Туман марказида Давлат хизматлари маркази янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ушбу марказнинг очилишида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, Давлат хизматлари маркази вилоят бошқармаси бошлиғи М.Қурбонов, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, туман фаоллари, ёшлар иштирок этишди.
Қайд қилиш жоизки, туманимизда 120 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қарийиб етти ой ичида қад кўтарган 2 қаватли бинода аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар мавжуд.
Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган марказ биносига кирган мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар ўйин майдончаси, тиббиёт хонаси, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш туман бўлими, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, нотариал хизмат хонаси, фуқаролик паспортини бериш ва алмаштириш бўйича туман ички ишлар бўлими хоналари ташкил этилган.
Дастлаб 2016 йил 1 январидан ташкил этилган Давлат хизматлари марказида фақат тадбиркорлик субъектлари учун 16 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, ҳозирги кунга келиб 125 та турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида туман Давлат хизматлари маркази томонидан 18873 та давлат хизматлари кўрсатилди. Айниқса, марказ томонидан ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси бериш, якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш, электр, газ, сув тизимларига уланиш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш каби давлат хизматлари бўйича мурожаатлар кўп бўлмоқда.
- Тўғриси олдинги иш жойимизда фуқароларни қабул қилиш учун шароитлар анча ноқулай эди. Мана энди халқ кирса киргулик, миллий ва замонавий дизайндаги архитектура, кенг ва ёруғ хизмат олиш зали, хизмат ойналари бари бари кўнгилдагидек. Ходимлар учун шароитлар яратилган. Иссиқлик тизими ишлаб турибди. Марказ хизматидан фойдаланишга кирган одамлар учун ҳам ўзгача кайфият улашади, - дейди марказ директори Юсуф Холбеков.
Туман аҳолиси ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш вақтида қулайлик, шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш марказ ходимларининг асосий вазифаси саналади. Яратилган бундай шароитлар эса хизмат сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.