Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ушбу соҳани ривожлантириш, уни тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. Бу борада бирламчи тиббиёт хизмати, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган тиббий хизмат, хусусий тиббиёт, аҳолининг репродуктив саломатлигини асраш каби йўналишлар устувор вазифа қилиб белгиланган.
Яқинда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг туғруқ бўлими биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Унинг очилиш маросимида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев, корхона ва ташкилот раҳбарлари, маҳалла оқсоқоллари, соҳа фахрий ва фидойилари иштирок этди. Даставвал, туман бош имом-хатиби томонидан Қуръон тиловот қилинди, сўнгра баҳор таоми бўлмиш - ҳалиса тарқатилиб, ҳурмат кўрсатилди.
Туғруқхона олтмиш ўринга мўлжалланган. Сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган ушбу мажмуада нафақат ҳомиладор аёллар учун, балки, шифокорларнинг дам олишлари учун ҳам хоналар бор. Шунингдек, аёлларни оналикка тайёрлаш, янги туғилган чақалоқларни парваришлаш ҳамда кутилмаган ҳомиладорликни олдини олиш борасида суҳбатлар ўтказиш учун ҳам тарғибот хоналар ажратилган. Туғруқхонадан чиқаётган аёлларни мажмуа ичида жойлашган “Гўзаллик салони” ходимлари чиройли қилиб, сочларини турмаклаб кузатиши кўпчилик аёлларга манзур бўлади, албатта.
Илгари туғруқхонага аёлини, яқинини олиб келганлар ташқарида қолиб кетар эди. Энди бунга ҳам ҳожат қолмади. Замонавий кутиш залида ҳамма шароит мужассам, ҳаттоки телевизор ҳам ўрнатилган.
-Капитал таъмирдан сўнг кўркам қиёфа касб этган туғруқ мажмуамизнинг ҳомиладор аёлларда учрайдиган касалликларни даволаш, туғруқ, реанимация бўлимлари ва чақалоқларни интенсив даволаш, юқумли касалликларга қарши эмлаш хоналари замонавий жиҳозланган, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси туғруқхона бўлими мудири Ф.Чўлиев. – Мажмуанинг ишга туширилиши туманда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар ҳамда тиббий хизмат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Илгари туғруқхонамиз деворларининг эскирганлиги, иситиш тизимида носозликлар, тиббий жиҳозларнинг эскирганлиги, ҳаттоки ҳомиладор аёллар учун кроват, кўрпа, ёстиқларнинг етишмаслиги кузатиларди. Буларнинг барини кўпинча аёлларнинг яқинлари олиб келишар эди. Энди бундай сарсонгарчиликлар бўлмайди. Давлат бюджетидан ҳамда тиббиёт бирлашмасининг манбалари ҳисобидан қайтадаб таъмирланиб, замонавий қиёфага эга бўлган туғруқхонамиз туманимиз аҳлининг соғлом ва бақувват фарзандларини дунёга келишига хизмат қилади.
Тадбир якунида туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев мамлакатимизда, хусусан туманимизда истиқомат қилувчи аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ҳомиладор аёллар ва болаларга кўрсатилаётган эътибор янада кучайтирилаётганлигига алоҳида тўхталиб, бу ишлар ҳали чекка қишлоқларда ҳам давом эттирилишини таъкидлади.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.