Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши 2020 йилги Қурбон ҳайитини нишонлаш ва ҳайит намозини адо этишга доир ўз фатвосини эълон қилди.
Қайд этилишича, баъзи мусулмон ва қўшни давлатларда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ ҳолат кескинлиги сабабли уламолар томонидан Қурбон ҳайити намозини жамоат бўлиб ўқишнинг иложи йўқлиги ҳақида фатволар эълон қилинган.
«Бундай вазиятда оят, ҳадис ва шаръий қоидаларда кўрсатилган тавсияларга амал қилишга буюрилади. Шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ийд намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади», — дейилади хабарда.
Шу сабабли Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши карантин шароитида Қурбон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларини эълон қилди:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши ислом дини манбалари, Республика махсус комиссияси хулосалари ва тиббиёт мутахассислари тавсияларига таянган ҳолда 2020 йилги пандемия шароитида Қурбон ҳайити – Ийдул адҳа намозини ўқиш мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишини маълум қилади.
Қурбон ҳайити куни мўмин-мусулмонларга ўз хонадонларида қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин тўрт ракатли нафл намозини ўқиш тавсия этилади.
Қурбон ҳайити куни имкони бор юртдошларимиз бомдод намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилишлари тавсия этилади. Қурбонлик гўшти учга тақсимланиб, бир қисми – яқин қариндошларга, яна бир қисми – камбағал ва муҳтожларга тарқатиш, қолганини – оила аҳлига олиб қолиш мустаҳабдир. Ўаммасини фақирларга берса ёки оилада кўпчилик бўлса, уйда қолдирса ҳам бўлади.
Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётгани инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда, оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этишни тавсия этамиз.
Имом-хатиблар томонидан бугунги пандемия шароитидан келиб чиқиб, Қурбон ҳайити хонадонларимизга қувонч, юртимизга файз-у барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисидаги тарғибот ишлари амалга оширилсин.
Аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Мисрдаги «Дорул Ифто» фатво ҳайъатига таяниб, Қурбон ҳайитининг биринчи куни 31 июлга тўғри келишини маълум қилганди. Президент қарорида ҳам Қурбон ҳайити 31 июль куни карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда нишонланиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 24 майда нишонланди. Ўшанда ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳайит намозини уйда ўқишни тавсия қилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ҳайитни уйда, оила даврасида нишонлашга чақирганди.