Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлисида “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом муҳокама этилиб, ушбу масала бўйича Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинди.
Ушбу низом 2020 йилнинг 1 январидан кучга киритилади.
Унга кўра оилавий тадбирлар фақат бир кун соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Соат 23:00 дан кейин оилавий тадбирларни давом эттиришга йўл қўйилмайди. Дафн этиш маросими бундан мустасно. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланиши мумкин.
Оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
Тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши шарт.
Шунингдек, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боҚлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.
Оилавий тадбирларда (дафн этиш маросимидан ташқари) пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмйди, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно.
Оилавий тадбирларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза дин идорасининг ваколатли вакили томонидан ўқилади.
Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни («етти», «пайшанбалик», «якшанбалик», «йигирма», «қирқ», «ҳайит», «йил оши», «пул тарқатиш», «мато улашиш» ва ҳоказоларни) ўтказишга рухсат берилмайди.
Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида оилавий тадбирлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ҳртасида шартнома тузилади.
Оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади. Оилавий тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.
Маҳаллий ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва ФҲДЁ органлари оилавий тадбирларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилиши устидан таъсирчан назоратни амалга оширади.
Ички ишлар органлари оилавий тадбирларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари талабларига тўйхона, кафе ва ресторанларда риоя этилишини назорат қилади ҳамда ушбу талаблар бузилганлиги аниқланган ҳолатда тегишли шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўради.
Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган оилавий тадбирлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.
Эндиги масала жорий этилаётган тартибга амал қилинишидир. Бунга амал қилмаганлар учун қандай жавобгарлик бор?
Низомда оилавий тадбирларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат назорати ўрнатилиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Эндиликда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига баҚишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида оилавий тадбирлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича масъул ҳисобланади.
Маҳалла фуқаролар йиғини, “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари эса оилавий тадбирларнинг ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни муҳокама қилади. Ушбу тузилмалар ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиб, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши керак.
Низом ҳамда тегишли қонун ҳужжатлари талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
ЎзА.