Ҳарбий бўлишни, ҳарбий либос кийишни орзу қилмайдиган бирор ўғил-қиз топилмаса керак. Туманимиз ёшлари учун ҳам бу орзу амалга ошадиган бўлди. “Қалқон Жасорат” таълим муассасаси Ҳарбий спорт ўқув маркази туман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи биносида ўз фаолиятини бошлади.
-Мактабимизда ўқиш истагида бўлган ёшлар кўп, - дейди марказ ўқитувчиси А.Жуманов. – Аммо биз танлов асосида кучли, билимли ўғил-қизларни оламиз. Машғулотлар давомида ҳудуддаги ҳарбий бўлинмаларга саёҳатлар уюштириб, бевосита улар билан давра-суҳбатлари ҳам олиб борилади. Талабларимиз қатъий, энг асосийси, биз билан бирга чиниққан ёшлар ҳақиқий ватанпарвар ҳарбийлар бўлишига ишонамиз. Ўқув-марказида асосан 2-синфдан 6-синфгача бўлган болаларни ўқиш учун қабул қилади. Б у ерда саф тайёргарлиги, ҳарбий низомлар, ҳарбий тарих, ҳарбий топография, биринчи тиббий ёрдам, ҳарбий қўл жанги, умумий жисмоний тайёргарлик каби ҳарбий машғулотлардан ташқари рустили ҳамда инглиз тили фанлари ҳам чуқур ўргатилади. Бугунги кунга қадар мактабга 10 дан зиёдроқ болалар қабул қилинган.
-Келажакда полковник бўлмоқчиман, - дейди “Қалқон жасорат” мактаби ўқувчиси Сардор Туронов. – Шунинг учун тайёргарликни бугундан бошладим. Оддий аскар бўлиш учун ҳам кучли бўлишдан ташқари она тилидан равон сўзлашиш ва яна бошқа чет тилини ҳам билиши кераклигини биламан. “Қалқон Жасорат” мактабининг туманимизда очилиши биз ёшларнинг орзуларимиз томон илк қадамни ташлаш бўлди.