Мамлакатимизда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Хусусан, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, бу объектларда энг юксак талабларга ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит, инфратузилмаларни яратиб бериш бўйича қабул қилинган дастурлар ана шу мақсадни кўзда тутади. Ҳозирги кунгача кўплаб ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг бу борадаги ғамхўрлиги натижасида барча қулайликларга эга шинам уй-жойлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари билан таъминланди.
Заркент шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисмда ҳам ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун турли маънавий, маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Яқинда “Кончи” маданият уйида ҳарбий қисм ҳизматчилари ва уларнинг оила аъзолари учун Зарафшон шаҳридан ташриф буюрган “Ажралсакда биргамиз” жамоасининг концерт дастури ташкил этилди.
Тадбир даставвал ҳарбий қисм аскари Усмонжон Бегимбетовнинг Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлари билан бошланди. Сўнгра Зарафшон ҳарбий қисмининг “Ажралсакда биргамиз” жамоасининг қизиқарли саҳна кўринишлари, ичакузди ҳангомалари ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларига хушнудлик бахшида этди.
- Кўнгилочар чиқишларимиз билан ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари юзига табассум улашганимиздан беҳад мамнунмиз, -дейди “Ажралсакда биргамиз“ жамоаси аъзоси Нигора Исаева. - Ҳарбийлар бугун ҳар қанча ҳурмат-эътиборга лойиқ. Юртимиз осудалигини кўз қорачиғидек қўриқлайдиган, кўкси қалқон мард ўғлонларимиз борлигидан эса кўнглимиз тоғдек кўтарилади.
Ислом БОБОҚУЛОВ.