Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ер участкалари бериш ва якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилишнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Хўш, аҳоли якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратиш тўғрисида қаерга мурожаат қилиш керак? Қарор билан якка тартибда уй-жой іуриш учун ер ажратиш тартиби ҳақида «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали ер участкаларини реализация қилиш бўйича ишчи гуруҳ раиси, туман ҳокимининг ўринбосари Бобомурод АРАЛОВ билан суҳбатлашдик.
Савол: Туманимиз аҳолисининг аксарият қисми қишлоқ жойларда яшайди. Қайсики оила ўғлини уйлантирса ёки бошқа ҳолатларда уй-жой қуришга тушиб қолишади. Шунинг учун ҳам фуқароларимиз томонидан давлат идораларига асосан уч-жой қуриш учун ер ажратиш бўйича мурожаат қилади. Хўш, айтингчи уй-жой қуриш учун ер ажратиш қандай амалга оширилади?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 28 феварль 2019 йилдаги 63-сон қарори билан Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш «E-IJRO AUKSION» ягона савдо майдончасида электрон аукционлар ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи электрон онлайн-аукционларда 0,04 гектар ва ушбу ҳажм доирасидаги ер участкалари реализация қилинади.
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари алоҳида тоифадаги фуқароларга уларнинг аризалари асосида аукционсиз берилади.
Ер участкалари фақат шаҳарсозлик ҳужжатлари (аҳоли пунктининг бош режаси ва аҳоли пункти тегишли қисмининг батафсил режаси лойиҳаси) билан таъминланган аҳоли пунктлари ҳудудларида аукционга қўйилади.
Савол: «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси ҳақида тушунча берсангиз?
Жавоб: «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси - электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, манфаатдор шахсларнинг электрон онлайн-аукционлар жараёнларидан бевосита фойдаланиш имконини таъминлайдиган ахборот тизимидир. Электрон онлайн-аукционда иштирок этишга буюртма берган ва унда иштирок этишга қўйилган жисмоний шахслар аукцион иштирокчиси ҳисобланади.
Савол: Аукционни қандай ташкил этилади ва ўтказилади?
Жавоб: Аукцион ўтказилиши ҳақидаги хабарнома ва лот (электрон онлайн-аукционда реализация қилинадиган ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи) ҳақидаги ахборот аукционни ўтказиш бошланиши санасидан камида 30 календарь кун олдин операторнинг («E-IJRO AUKSION»да электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказишни амалга ошириш ваколати берилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси) веб-порталида жойлаштирилади. Аукционда барча Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Электрон онлайн-аукцион нархнинг оширилиши принципи асосида ўтказилади. Бўш ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи аукционга туман ҳокимининг қарорида (буюртмасида) кўрсатилган ер участкасининг энг паст нархи бўйича қўйилади. Электрон аукцион бўлиб ўтмаган деб тан олинганда ер участкасининг энг паст нархи бўйича такрорий аукционга қўйилади. Оператор аукционни ташкил этиш хизматлари учун аукционга қўйилган бўш ер участкасининг реализация қилинган суммасининг 2 фоизи миқдорида ҳақ олади.
Савол: Аукцион ўтказилиши, қаерда ер участкалари қўйилиши ҳақида фуқаролар қандай хабардор бўлади?
Жавоб: Бўш ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи аукционга қўйилганлиги ҳақидаги ахборотни босма (газета) ва электрон (сайтларда) оммавий ахборот воситаларида тарқатади. Унда қуйидаги маълумотлар берилади:
аукцион ўтказиладиган сана;
лот рақами ва номи;
аукционда иштирок этиш учун буюртманомаларни қабул қилиш санаси ва тугаш вақти;
аукцион объекти ҳақида ахборот, яъни айнан:
ер участкасининг ўзига хос рақами;
бўш ер участкасини жойлаштириш режасига мувофиқ чегара ва манзил кўрсатилган ҳолда, бўш ер участкасининг майдони (гектарда) ва жойлашган жойи;
ер участкаси бўйича мавжуд чекловлар;
бошланғич нархи;
қадам нархи, бошланғич нархдан фоизларда ва йиғиндиси ифодасида;
закалат миқдори бошланғич нархдан фоизларда ва йиғиндиси ифодасида, закалат ўтказиладиган оператор банк ҳисоб рақамининг реквизитлари;
ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи аукционга қўйишга асос бўлган қарорни чиқарган туман (шаҳар) ҳокимлигининг номи, манзили ва телефон рақами.
Савол: Аукционда иштирок этиш шартлари қандай?
Жавоб: Аукционда иштирок этишга буюртманомалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг веб-порталида автоматик тарзда бошланади ва аукционни ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13-00 да) якунланади.
Буюртманомалар электрон тарзда қабул қилинади.
Қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин келиб тушган буюртмалар қабул қилинмайди.
Буюртманома берувчи ўзи танлаган лотни закалат пулидан кам бўлмаган миқдорда шахсий ҳисоб рақамини тўлдиради ва буюртма беради. Закалат пули иштирокчининг шахсий ҳисоб рақамидан автоматик тарзда ўтказиб олинади.
Аукционда иштирок этиш учун закалат ер участкаси (лот) минимал қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланади ва операторнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.
Агар буюртмачининг шахсий ҳисоб рақамидаги мавжуд пул маблағлари закалатни тўлаш учун етарли бўлмаса, аукционда иштирок этиш учун буюртма қабул қилинмайди.
Савол: Аукционни ўтказиш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?
Жавоб: Аукцион операторнинг веб-порталида хабарномада кўрсатилган кунда ва вақтда, яъни иш куни мобайнида 9:00 дан соат 18:00гача ўтказилади. Аукцион ўтказилиши учун икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлиши керак.
Аукционнинг қадами аукцион объекти минимал қийматининг беш фоизини ташкил этади. Аукцион иштирокчилари лотни бошланғич нархдан битта қадамга оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошлайди. Агар таклиф берилгандан кейин ўн дақиқа давомида аукцион иштирокчиларидан бири белгиланган қадамга оширилган лот нархини тасдиқласа, кейинги таклифни тасдиқлаш учун вақт яна ўн дақиқага узайтирилади.
Агар, тасдиқланган охирги таклифдан сўнг ўн дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф аукцион иштирокчиларининг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, аукцион натижалари ҳақидаги баённомани автоматик тарзда шакллантирган ҳолда якунланади. Лот нархи бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб ҳисобланади.
Аукцион иштирокчиларига навбатдаги ставкани дастлабки белгиланган қадамнинг 5, 10 ёки 20 баравари миқдорида мустақил белгилаш имконияти берилади.
Агар, лот нархини ошириш бўйича таклифни охирги тасдиқлаган аукцион иштирокчиси буни электрон онлайн-аукционни ўтказиш вақти якунлангунга ўн дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, аукционни ўтказиш вақти охирги таклиф тасдиқланган пайтдан бошлаб кейинги ўн дақиқага узайтирилади. Кейинги ҳар бир таклиф электрон онлайн-аукционни ўтказиш вақтини ўн дақиқадан узайтириб боради. Бунда электрон онлайн аукционни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва аукцион 21:00 соатга қадар якунланиши лозим. Лот нархи бўйича охирги таклифни соат 21:00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб ҳисобланади.
Агарда аукцион ўтаётган пайтда ягона электрон савдо майдончасида техник узилиш содир бўлган ҳолатларда, аукцион ўтказиш санаси ва вақти ҳақида аукцион иштирокчиларига хабар берилган ҳолда, аукцион техник узилиш бартараф қилинган кундан кейинги кунда давом эттирилади.
Электрон онлайн-аукцион якунланганда операторнинг веб-порталида автоматик тарзда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
лотнинг бошланғич нархи;
охирги ва охиргидан олдинги ставкалар (аукцион иштирокчилари томонидан тасдиқланган охирги ва охиргидан олдинги қадамларни ҳисобга олган ҳолда);
аукцион ғолибининг ҳамда охиргидан олдинги ставкани берган иштирокчининг фамилияси, исми, отасининг исми.
Савол: Аукцион ғолиби аниқланди. Энди ер участкаси қандай қилиб расмийлаштирилади?
Жавоб: Аукцион ғолиби аукцион якунланган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай, операторнинг ҳисоб рақамига пул маблағларини ўтказиш йўли билан лотнинг қийматини тўлиқ тўлаши лозим. Белгиланган муддатда пул тўланмаса аукцион натижаси бекор қилинади ҳамда ғолибдан кейин ер участкасининг нархи бўйича энг юқори ставкани қўйган аукцион иштирокчисига ер участкасини олиш ҳақида таклиф юборилади. Оператор ғолиб аукцион объектининг қийматини тўлиқ тўлагандан сўнг кейинги иш кунидан кечиктирмай махсус бланкада аукцион натижалари ҳақида баённомани расмийлаштиради ҳамда уни туман ҳокимлигига юборилади.
Туманлар ҳокими «E-IJRO AUKSION» орқали баённомани олгандан кейин беш иш куни мобайнида аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш ҳақида қарор қабул қилади. Ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорни давлат корхонаси филиалига ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун юборади ҳамда ўз веб-сайтида ер участкасини аукцион ғолибига ажратиш ҳақидаги қарорини эълон қилади.
Савол: Аукционсиз ҳам фуқароларимиз ер участкаларини олиш ҳуқуқига эгами?
Жавоб: Қуйидагиларга ер участкалари 0,04 гектаргача аукционсиз ариза асосида берилади:
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларига;
давлат ва хусусий уй-жой фондидаги ўзлари эгаллаб турган уй-жойни туман ҳокимликларига ўтказаётган фуқаролар ва мулкдорларга.
Ариза туман ҳокимлигига берилади ҳамда комиссия томонидан ўн кунда кўриб чиқилади.
Комиссия ижобий хулоса чиқарса ҳоким ер участкаси бериш ҳақида бир кунда қарор қабул қилади ҳамда уч кунда ер участкаси чегаралари ўлчаб берилади.
Ҳ.Мамарасулов суҳбатлашди.