Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) жисмоний шахсларга ёки уларнинг яқин қариндошларига (эри ёки хотини, фарзандлари, неваралари, ака-ука ва опа-сингиллари) маълум ташкилотда ишлаган давридаги иш ҳақига оид ва ишлаганлиги тўғрисидаги иш стажига оид маълумотларини онлайн олиш имконияти мавжуд.
Хизматнинг кўрсатилиши тартиби:
ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун давлат хизматларидан электрон шаклда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади;
ариза берувчи мустақил равишда сўровномани электрон тарзда тўлдиради. Ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилаётганда, сўровномага нотариал тасдиқланган ишончнома нусхаси илова қилинади;
сўровнома тўлдирилгандан сўнг ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб тасдиқлайди.
Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Ариза берувчи томонидан сўровномада нотўғри маълумотларнинг кўрсатилиши ёки уни тасдиқлаш рад этилиши давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизмати кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш таъқиқланади.
Шунингдек, ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга. Агарда ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортса, унинг сўровномаси кўриб чиқилмасдан қолдирилади.
ЯИДХП орқали мурожаат этганда сўровнома автоматик тарзда тегишли давлат архивига электрон шаклда юборилади. Давлат архиви сўровнома келиб тушган вақтдан бошлаб 5 иш кунида иш стажини тасдиқлашга оид, 20 иш кунида иш ҳақини тасдиқлашга оид маълумотномани шакллантиради ҳамда ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади.
Ж.ЭШМАНОВ,
туман Давлат архиви 1-даражали архивчиси.