Туман марказидаги 5-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида туман ҳокимлиги ташаббуси билан туман Бандликка кўмаклашиш маркази ва прокуратура ҳамкорлигида “Бўш иш ўринлари ярмаркаси” ўтказилди.
Унда туман ҳудудида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар 184 та мавжуд бўш ва 309 та заҳираланган (квота) иш ўринлари, хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари 37 та бўш иш ўринлари билан иштирок этишди.
Таъкидлаш керакки, эрта тонгдан бошланган ушбу тадбирда ишсиз аҳоли, коллеж битирувчилари ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож кишилар қатнашди. Тадбир давомида қурилиш, пайвандлаш, хизмат кўрсатиш соҳаси, жумладан тикувчилик ускуналарида тикиш-бичиш ҳамда бошқа касблар бўйича иш берувчиларнинг технологиялари намойиш этишлари учун алоҳида майдончалар ташкил этилди.
Ярмаркага ташриф буюрувчиларнинг деярли кўпчилигини ўрта махсус маълумотга эга бўлган ёшлар ташкил этди. Лекин, афсуски, бўш иш ўринлари билан иштирок этаётган кўплаб ташкилот ва корхоналарга олий маълумотли мутахассисларга эҳтиёж борлиги тадбирлар стендларида кўрсатиб ўтилди. Масалан, туман тиббиёт бирлашмасига 66 та, туман ДСЭНМга 7 та олий маълумотли шифокорлар, туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларига эса 180 га яқин олий маълумотли ўқитувчиларга муҳтож. Ярмарка давомида ушбу иш ўринларига деярли биронта ҳам иш излаётган фуқаролар мурожаат этмади.
Шунга қарамасдан, ярмаркада иш сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 32 нафари (шундан 6 нафари хотин-қизлар) халқ хўжалигининг турли соҳалари бўйича ўзларига мақбул келадиган ишларга жойлаштирилди.
- Мен бирон жойда ишламасдан анча қийчинликларга дуч келаётган эдим,- деди ярмарка иштирокчиларидан М.Шакаров. -Тўғриси қаерга иш сўраб мурожаат қилсам бўш иш ўрни йўқ деб ишга олишмасди. Баъзан эса мутахассислигим йўқлиги ҳам панд берар эди. Бугунги ярмаркадан туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасига йўлланма олдим.
Тадбир иштирокчиларига бўш иш ўринлари, меҳнат қонунчилиги, ижтимоий муҳофаза масалалари доирасида, шунингдек, ярмаркада иштирок этган тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ёшлар учун микрокредитлар олиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Бобур МАМАДИЁРОВ.
