Куз фасли ҳам охирлашиб, қиш фасли ҳам эшик қоқмоқда. Ноябрь ойи охири бўлишига қарамай, туманимизда биринчи қор ёғди. Совуқ кунлар ҳам бошланди. Хўш, туманимизда қиш мавсумига қандай тайёргарлик кўрилди? Қишнинг совуқ кунларига аҳоли хонадонлари, муассаса ва ташкилотлар тайёрми?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси юзасидан туманда мавжуд ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида аҳоли хонадонларида, ташкилот ва муассасаларда куз-қиш мавсумини ўтказиб олиш учун иситиш тизимларини қайта созлаш, ажратиладиган кўмирларни ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқ омборларга жойлаштириш, иситиш қозонхоналарини тўлиқ куч билан ишлашини таъминлаш чоралари кўрилган. Аммо айрим ташкилот ва муассасаларнинг куз ойи охирлаб, қиш фасли кириб келишига қарамасдан, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларига эътиборсизлик билан қараб келганлиги аниқланди.
Жумладан, туман халқ таълими муассасаси қарашли 89 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, шулардан 84 таси кўмир маҳсулотига ва 5 таси табиий газ билан иситилишига мослаштирилган. 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсуми учун 759 тонна кўмир ва 2083 тонна брикет маҳсулотлари жамғариш режалаштирилган бўлиб, 2215 тоннаси таълим муассасаларига етказилиб, қолгани ҳам олиб келинмоқда.
Мактабларнинг 26 тасида эски мослаштирилган биноларида 261 дона буржайка (қўлбола) печлардан фойдаланиб келинмоқда. Шу билан биргаликда 24 та умумтаълим мактабларининг 36 та филиалида 113 дона буржайка печлардан фойдаланилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмаси жорий йилда қайта таъмирдан чиқарилган. Куз-қиш мавсуми учун ажратилган 276 тонна кўмир маҳсулотлари тўлиқ олиб келинган.
Бироқ, туманимиздаги кўп қвватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларида бир қатор камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Туманимизда кўп қаватли уйлардан 10 таси мукаммал таъмирга муҳтож. Кўп қаватли уйларнинг 12 тасида иссиқлик таъминоти мавжуд эмас. Туман марказидаги кўп қаватли 7 тасида уйларнинг канализация тармоғида сув йўқлиги сабабли ишламай турибди. Шунингдек, ушбу уйларда марказий иситиш тизими яратилмаган ва хонадон эгалари қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланмоқда.
Энг ачинарлиси, ушбу кўп қаватли уйларда яшовчи хонадон эгалари қўлбола печлардан фойдаланмоқда.Шунингдек, аҳоли хонадонлари мавжуд шароитдан келиб чиқиб, электр энергиясидан, табиий ва суюлтирилган газ манбаларидан, ўтин, кқмир ва брикет каби ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда уйларини иситишмоқда. Унинг асосий сабаби барча кўп қаватли аҳоли турар жойларини иситиш тизими марказлашмаган.
Шу билан бирга, уйларнинг ер тўласида аҳоли хонадонлари томонидан электр тақсимлаш қутисида махсус сақлагичлар ўрнига қўлбола электр ўтказгичлардан фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, ҳудудда алоҳида омборхона ёки ёрдамчи бинолар мавжуд эмаслиги сабабли, аҳоли томонидан уйларнинг ертўлалари омбор сифатида фойдаланиб келинмоқда. Бу эса ёнғин хавфсизлиги қоидаларига ҳам тўғри келмайди.
-Олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди, - деди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Б.Юсупов. -Аниқланган камчиликлар юзасидан белгиланган тадбирларни ижросига эътибор қаратмаган ва ўз вазифасига бепарво бўлган масьул ходимларни эътиборсизлигига чек қўйиш мақсадида тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига тақдимномалар киритилди.
Ҳ.РАСУЛОВ.