Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси туманимиз марказида, барча транспортлар қатнайдиган кўча бўйида, мурожаат қилувчилар топиши ҳам, келиши ҳам қулай жойда жойлашган. Жорий йилда биномиз тўлиқ қайта реконструкция қилиниб, кутиш зали, она ва бола, тиббиёт хоналари, соҳалар бўйича қабул бўлимлари замонавий мебель ва ахборот технологиялари билан жиҳозланди.
Халқ қабулхонасига мурожаат қилаётганларнинг аксарият муаммоси тегишли ташкилотлар томонидан ҳал этилмаган масалаларга доир. Ойлаб, йиллаб ҳал этилмаган муаммолар шу ерда ечим топишига, мамлакатимизда амалга оширлаётган ўзгаришлар самарасига бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Халқ қабулхонамизга жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 840 та жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилган. Уларнинг 314 таси ёзма бўлса, 526 та мурожаат оғзаки равишда билдирилган.
Мурожаатларнинг 314 таси электрон тарзда тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга юборилган. Оғзаки мурожаатлар Халқ қабулхонасининг ўзида жалб қилинган мутасадди ташкилотлар ходимлари билан биргаликда кўриб чиқилиб, маслаҳат ва тегишли тартибда тушунтиришлар берилди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, келиб тушган мурожаатларнинг 504 таси ёки 60 % фоизи қаноатлантирилган. 314 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат берилган, 22 таси эса ўрганиш учун назоратга олинган.
Таҳлилларга кўра, энг кўп 125 та мурожаат уй-жой, ер билан таъминлаш масаласида бўлган. Шунингдек, газ, электр таъминоти, сув ва иссиқлик таъминоти бўйича 57 та, моддий ёрдам олишда амалий ёрдам сўраб 66 та, коммунал тўловларни ҳисоблаш юзасидан 34 та, ички ишлар фаолияти бўйича 28 та, алимент масаласида 41 та, прокуратура бўйича 25 та, пенсия ва нафақа масалаларида 76 та, кредит олиш юзасидан 73 та, иш билан таъминлаш ҳақида 102 та ва соғлиқни сақлашга оид масалалар бўйича 64 та мурожаатлар келиб тушган.
Шунингдек, суд масалаларига оид 1 та, суд ижросига оид 17 та, мактаб таълими бўйича 12 та, олий таълим масаласида 6 та, банк-молия масалаларида 10 та, солиқ тўловлари бўйича 5 та, транспорт масалаларида 10 та, қурилиш соҳасида 17 та, тадбиркорлик ҳуқуқларининг бузилиши бўйича 12 та ва бошқа масалалар бўйича 25 та мурожаат рўйхатга олинган.
Кўпчилик мурожаатлардаги масалалар жойлардаги тегишли идора, муассаса ва ташкилотларнинг ўзида ҳал этса бўладиган ишлардир. Ариза ва шикоятларни ўрганиш жойларда бошқарув ва хизмат кўрсатиш органлари, фуқаролар йиғинлари ўз вазифасини тўлиқ бажармаслиги ёки мурожаатларга эътиборсизлигини кўрсатмоқда. Халқ қабулхонасига тушаётган ариза ва шикоятлар Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда кўрилмоқда.
Фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, мурожаатлар ижросини таъминлаш бўйича яратилган янги тизим юртдошларимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга дахлдорлик, эртанги кунга, адолатнинг қарор топишига бўлган ишончни янада оширмоқда.
Баҳодир ЮСУПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.