Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида Энергетика вазирлиги куз-қиш мавсумига тайёргарлик штаби томонидан 2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумида аҳолини табий ва суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида халқ ноибларига ахборот берилди.
Жумладан, айни кунларда Самарқанд вилоятида суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 479 339 тани ташкил этиб, куз-қиш мавсумида вилоят аҳолисини мунтазам суюлтирилган газ маҳсулотлари билан таъминлаш учун 51 минг 332 тоннага яқин маҳсулот ажратилганлиги, бу кўрсаткич 2019 -2020 йил куз-қиш мавсумига нисбатан 19 минг 887 тоннага ортиқ эканлиги, ўтган мавсумда ажратилган маҳсулот бир ойда ҳар бир хонадонга 10,8 кгдан тўғри келган бўлса, жорий мавсумда суюлтирилган газ маҳсулотлари ҳар бир хонадонга 17,7 килограмдан тўғри келаётгани қайд этилди.
Шунингдек, штаб раҳбари томонидан Қўшработ туман аҳолисининг 30 фоизи табиий газ 70 фоизи эса суюлтирилган газ маҳсулотлари билан таъминланади. Ушбу туман чекка ҳудуд бўлганлиги учун жорий йилда аҳоли хонадонларига хизмат кўрсатадиган янги газ тақсимлаш шохобчаси қуриб битказилиб, 1 сентябрдан ишга туширилди. Бундан ташқари, аҳолини куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида, ҳар бир истеъмолчига 700 кгдан кўмир маҳсулотлари ажратилганини таъкидланди.
Сессияда депутатлар томонидан бу йил қиш қаттиқ келиши кутилаётганлиги, аҳоли хонадонлари учун ажратилган кўмир маҳсулотларининг миқдори камлиги айтилиб, келгусида кўмир миқдорини маҳаллаларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгилаш таклифи ўртага ташланди.
Қолаверса, сессияда депутатлар томонидан табиий газ таъминотидаги муаммолар, жумладан, кейинги икки кунда нафақат Қўшработ тумани балки, вилоятнинг кўпгина ҳудудларида аҳоли томонидан газ босими пасайиб кетганлигидан шикоят келиб тушаётганлиги айтилди.
- Бу йил пандемия туфайли барча ишлаб чиқариш сoҳалари учун оғир йил бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарорида шу ҳақда белгилаб қўйилган. Аҳолида газ босими пасайиб кетдими, демак, биз улгуржи истеъмолчиларни тармоқдан узиб, бошқа муқобил энергияга ўтказишимиз керак. Табиий газни биринчи навбатда аҳолига йўналтиришимиз лозим, - деди А.Эшонқулов.
Сессиядан сўнг, Қўшаработ тумани аҳолисига 170 тонна кўмир маҳсулотлари ва 8 тоннадан зиёд суюлтирилган газ маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, тадбир давомида, “Қўралос” МФЙда яшовчи эътиборга муҳтож, ногиронлиги бор, “темир дафтар”га киритилган 2 нафар фуқароларнинг хонадонига газ плита, суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ баллон ва 300 кг дан кўмир маҳсулотлари бепул берилди. Бундан ташқари 50 та кам таъминланган хонадонларга бепул маиший газ баллонлар ва 6 та хонадонга 300 кгдан кўмир маҳсулотлари бепул етказиб берилди.