“Қовунчи” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шамолли қишлоғидаги “Қора шолдир” чорвачилик фермер хўжалигида вилоят “Чорванасл” туман бўлими томонидан "Сигирларни сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари” мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди. Унда соҳа мутахассислари, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Юртимизда чорвачиликни ривожлантириш, бу борада тадбиркорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётгани, зотли чорва молларини харид қилиш, уларни кўпайтириш ва бу орқали аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашга кенг йўл очилгани туманимиз чорвадорларига қўл келмоқда. Айни шу соҳада фаолият олиб бораётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларда озуқа базасини кўпайтириш, наслчиликни яхшилаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгилаётгани чорвага меҳр қўйган туманимиз фермерларининг қизиқишини янада оширишга хизмат қилаётир.
Таъкидлаш жоизки, аҳоли хонадонларидаги қорамоллар наслини яхшилашнинг муҳим йўналишларидан бири сунъий уруғлантиришдир. Тадқиқотларга кўра, сунъий уруғлантириш орқали қорамолларнинг сут ва гўшт маҳсулдорлигини ошириш мумкин.
- Қўшни Пайариқ туманидаги фермер хўжаликларидан 2018 йилда Германиядан олиб келинган симментал зотли қорамоллардан 10 дона олиб келгандим,-дейди “Қора шолдир” фермер хўжалиги раиси Ахрор Ғофуров. -Бундай зотли сигирлар жуда маҳсулдор ҳисобланади, яъни қўш йўналишли. Улар орқали бир пайтнинг ўзида сутчилик ва гўштчиликни йўлга қўйиш мумкин. Ўзимизнинг маҳаллий қорамолларни ҳам сунъий уруғлантириш орқали жорий йилда 13 та бузоқ олдик. Ҳозирги кунда фермер хўжалигимизда зотли қорамоллар сони 35 бошга етди.
Муҳим жиҳати уларнинг маҳсулдорлиги маҳаллий зотларга нисбатан жуда юқори. Кунига 15-20 литр сут соғиб олинади. Ёшлигимдан чорвачилик билан шуғулланиб келганим боис, четдан келтирилган сигирларни ҳам парваришлаш, чорвадорларнинг гапи билан айтганда, тилини топиш қийин бўлмади. Иқлимимизга ҳам анча кўникиб қолди. Ушбу жараённи йилдан-йилга ривожлантириб боряпмиз.
Семинарда туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мақсуд Қорабоев, туман ветеринария бўлими бошлиғи Аббос Нарзуллаев ҳам иштирок этиб, соҳада рўй бераётган янгиликлар, сигирларни сунъий уруғлантиришнинг афзалликлари, фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича алоҳида тўхталдилар.
Кўргазмали семинарда мутахассислар томонидан тадбир иштирокчиларига қорамолларни сунъий уруғлантириш қандай амалга ошириш бўйича тушунча ва амалда кўрсатиб, тушунчалар берилди.
Ҳ.МАМАРАСУЛОВ.