Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, одамларни бугунги кунидан рози қилишда давлат бошқаруви идораларининг халқ ичига кириб бориши, барча даражадаги мутасаддиларнинг аҳоли дардини эшитиши, қувончу ташвишига шерик бўлиши ғоят муҳим саналади.
Туман марказидаги “Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби” биносида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва сектор раҳбарларининг оммавий сайёр қабули ўтказилди. Унда вилоят ҳамда туман ҳокимлиги, Халқ қабулхонаси вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Қабул чоғида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, адолатни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой қуриш учун ер ажратиш, моддий ёрдам, пенсия, болалар нафақаси, ишга жойлашиш, банк-молия, солиққа тортиш, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви таъминотидаги муаммолар, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, йўлларни таъмирлаш, таълим соҳасидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан фуқароларнинг 232 та мурожаати бирма-бир муҳокама қилинди. Аксарият мурожаатлар шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, муддат талаб этиладиган масалаларга масъуллар бириктирилиб, вилоят ҳокимлиги томонидан ижроси назоратга олинди.
Албатта, сайёр қабулларнинг ўтказилиши вилоятимизнинг энг чекка ҳудуди бўлган туманимиз аҳолисини қийнаётган муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал этилаётганига эришилиши одамларда давлатга, эртанги кунга ишончни мустаҳкамламоқда.
Шунингдек, сайёр қабул ўтказилгандан кейин вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Жўш қишлоғига бориб, ўзи ўқиган таълим муассасалари – 64, 41 ва 19-умумий ўрта таълим мактабларига 200 тага яқин китобларни туҳфа қилди.
Ўз мухбиримиз.