Мафкура ва маънавиятимизга ёт ғоялар - диний экстремизм, терроризм, одам савдоси ҳамда “оммавий маданият”ни тарғиб қилаётган қора кучлар таъсиридан муҳофаза қилиш тинчлигимизни асрашда бирламчи омиллардан саналади.
“Кончи” маданият саройида Заркент шаҳарчасида жойлашган ҳарбий қисм хизматчилари ҳамда оила аъзолари иштирокида ўтказилган тадбирда айнан шу масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Дунёнинг турли бурчакларида содир бўлаётган нотинчликларни эшитган, тинч ва осойишта осмон остидаги Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юртнинг ҳар бир фуқароси бугунги дориломон кунлар учун Яратганга шукроналар айтади. Бироқ орамизда тинчлик деган олий бахтга соя соладиган, онги бузғунчи ғоялар билан суғорилган инсонлар ҳам борки, улар барчамизни огоҳликка ундаб туради.
- Ҳар қандай давлатнинг фаровон келажагини таъмин этувчи айрим ёш идрок эгаларининг бузғунчи кучлар таъсирига тушиб қолаётгани ачинарли ҳолдир,-дейди фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг диний-маърифий масалалар бўйича ўринбосари З.Арипова. -Уларнинг ушбу кучлар таъсирида қўғирчоққа айланиб қолаётганлиги ортидан Ватан эртасига таҳдид ва тажовуз қилиш сингари салбий ҳолатлар бўй кўрсатади. Бугунги кунда - компъютер технологиялари ривожланган асрда диний экстремизм, терроризм, зўравонлик, шафқатсизлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи маҳсулотларнинг турли алоқа воситалари ёрдамида Ватанимиз сарҳадларидан олиб ўтилишининг ўзиёқ муаммонинг анча илдиз отиб улгурганидан далолат беради.
Интернет тармоқлари орқали ёшларимиз онгини забт этишга қаратилган аудио ва видео намойишлари тез-тез қулоғимизга чалиниб қолмоқда. Айтмоқчиманки, бу борада интернетнинг улкан ҳажмдаги кучига нафақат биз, балки дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳам тўсқинлик қилолмаяпти. Бу эса барчамизни яна бир бор огоҳ бўлишга ундайди.
- Экстремизмнинг ўзини талқин қиладиган бўлсак, ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажовузкор сиёсий фаолиятдир,-дейди туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Шамсиева. - Ҳозирги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган, таҳликали даврда яшаётганлигимизни, бир томондан уюшган жиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси каби таҳдидлар, иккинчи томондан ғоявий таҳдидлар - ахборот хуружи, диний экстремизм ва миссионерлик ҳаракатлари тинчлик ва осойишталикка ўз таъсирини ўтказаётганлигини, терроризм ва дин ниқобидаги сиёсий экстремизм - аллақачон миллий, этник, диний ва ҳудудий хусусиятини йўқотиб, халқаро муаммога айланган. Дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди.
Ушбу ҳолатлар давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.
Хулоса шуки, бундай учрашувлар қанчалик кўп ташкил этилса, барчани шунчалик огоҳликка ундашига шубҳа йўқ.
Тадбирда, ҳарбий қисм командири, подполковник Ш.Раджабов иштирок этди.
Б.МАМАДИЁРОВ.