Туманимиз марказидаги “Интизор” бекати доимо йўловчилар билан гавжум. Бу бекат атрофида турли савдо дўконлари, фото-видео хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар жойлашган. Ҳаттоки йўловчилар овқатланиши учун кўплаб ошхоналар мавжуд.
Илгари бу ерда фақат эски, кичкина бекат жойлашган эди. Кўплаб йўловчилар Жўш, Пангат ва бошқа жойларга кетиш учун ана шу бекатда кўзлари тўрт бўлиб автобус кутишар эди. Шу туфайлими ушбу бекат номи ҳам “Интизор” бекати деб номланган бўлса керак.
Кейинги пайтларда бу ерда аҳоли янада гавжумлашди. Бекат атрофи анча чиройли қиёфага келтирилди. Йўллари асфальтланди, ҳаттоки светофор ҳам ўрнатилди.
Лекин дилни хира қиладиган жиҳати ушбу бекат анча қаровсиз ҳолга келиб қолган. Йўловчилар автобус кутиш учун ушбу бекатда анча асаббузарликларга дуч келишмоқда. Бекатнинг олдини, яъни автобус тўхтайдиган жойни ноқонуний киракашлар эгаллаб олган. Уларнинг бақир-чақири бу ердаги йўловчиларга анча бош оғриғи бўлмоқда.
- Ўзим Жўш қишлоғидан бўламан,-дейди йўловчилардан А.Шокиров. - Деярли ҳар ҳафтада камида икки марта туман марказига келиб кетаман. Бу ердаги киракашлар Жўшга бориш учун нархни 8000 сўм атрофида айтишади. Автобусда бориш анча арзон, яъни 4000 сўм атрофида. Шу боис мен кўпроқ автобусдан фойдаланаман. Лекин автобусларни кўпроқ кутишга тўғри келади. Чунки улар белгиланган график асосида юришади. Бу ердаги таксичилар эса йўловчини чақириш мақсадида тўхтовсиз бақиришади. Бу эса кўпчиликка ноқулайликлар келтирмоқда. Аслида таксичиларнинг бу ерда туришга ҳаққи йўқ. Чунки “тўхташ мумкин эмас” деган йўл белгиси турибди.
Бундан ташқари, бекатнинг ўзида ҳам ўриндиқлар йўқ, турли хил ахлатлар ташланган. Деворига хар хил ёзувлар жойлаштирилган. Ёзнинг жазирама иссиғида йўловчилар учун деярли шароит яратилмаган.
Туманнинг қоқ марказидаги ушбу бекат атрофидан кунига юзлаб йўловчилар фойдаланишини эътиборга олсак, бу ердаги шароитни яхшилаш имконияти яратиш зарурдир. Туманимизда йўл четида кўплаб янги, замонавий бекатлар барпо этилмоқда. Улар асосан хусусий тадбиркорлар томонидан қурилмоқда. Бу бекатни ҳам балки хусусий тадбиркорларга бериш вақти келмадимикин.
Ислом БОБОҚУЛОВ.