Туманимиз аҳолиси доимо мароқли дам олиш жойи бўлишини хоҳлайди. Айниқса, жорий йилда мамлакатимизда об-ҳавонинг бироз иссиқ келиши кўпчиликнинг салқин, сўлим жойга муҳтожлиги сезилди. Афсуски, туман марказидаги “Истироҳат боғи” мана бир неча йилдирки чала ҳолатда қолиб, битказилмаётган эди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ туманимиз марказидаги “Истироҳат боғи” ҳам ўз аксини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида топширилиши кутилаётган ушбу “Истироҳат боғи”да қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Айни дамда қурувчилар томонидан “Истироҳат боғи”нинг ички йўлакларига хар хил турдаги рангли плиткалар ётқизилиб, сув чиқариш мосламалари ўрнатилмоқда. Боғнинг ичида 2000 ўринга мўлжаллаб қурилаётган амфитеатр эса туман аҳолисининг концерт дастурлари ва бошқа маданий хордиқ чиқарадиган масканга айланиши шубҳасиз. Истироҳат боғида бўйлаб экиб чиқилган арча ва турли хилдаги мевали дарахтлар эса боғнинг сўлим ва хушҳаво бўлишини таъминлаш билан биргаликда боғга ўзгача чирой қўшиб турибди.
Қолаверса, боғнинг марказида ишга тушиши кутилаётган фаввора эса боғнинг янада мафтункорлигини оширади. Хуллас, туманимиз аҳолиси бу боғнинг битирилиб, фойдаланишга топширилишини интиқлик билан кутишмоқда. Мустақиллик байрами арафасида бу “Истироҳат боғи” туман аҳолисига унутилмас байрам совғаси бўлади.
Ислом БОБОҚУЛОВ.